Санкциялар билан бўғилган Россиянинг ташқи қарзи ҳажми эълон қилинди
Олам
−
07 Июнь 2022
17333Россия Федерациясининг ташқи давлат қарзи 2022 йил 1 апрель ҳолатига қарийб 2,6 млрд долларга камайиб, 57 млрд доллардан бироз кўпроқ бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Россия Ҳисоб палатасининг жорий йилнинг биринчи чорагидаги бюджет ижроси бўйича тезкор ҳисоботида айтилади.
Россиянинг жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига ташқи давлат қарзи 57 млрд 143,2млн долларни ташкил қилмоқда. Бу Россия давлат ташқи қарзи учун белгиланган миқдорнинг (70,7 млрд доллар) 80,8 фоизига тенг. Давлат ташқи қарзи йил бошидан бери 2 млрд 558,8 млн долларга ёки 4,3 фоизга камайган. Шу билан бирга рубль эквивалентида давлат ташқи қарзи йил бошидан бери 369 млрд 470,1 млн рублга ёки 8,3 фоизга кўпайган ҳамда 1 апрель ҳолатига 4 трлн 804 млрд 890 млн рублни ташкил қилмоқда.
Қайд этилишича, биринчи чоракда Россия Федерациясининг ташқи давлат қарзига хизмат кўрсатиш харажатлари 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 11,4 миллиард рублга (41,2 фоизга), доллар кўринишида 24,6 миллион АҚШ долларига (6,6 фоизга) ошган.
Ушбу даромадларнинг ўсиши ҳисобот даврида Россия валютасига нисбатан хорижий валюта курсларининг ошиши, шунингдек, 2022 йил 31 мартда “Россия-2022” еврооблигацияларини қисман сотиб олиш пайтида чегирма ва тўпланган купон даромадларини тўлаш билан боғлиқ.
Қайд этиш керакки, Россиянинг Украинага кенга кўламли ҳужум бошлаши ортидан расмий Москвага қарши жорий қилинган санкциялар ташқи қарзга хизмат кўрсатиш соҳасини ҳам четлаб ўтмади. АҚШ Россияга қарзини долларда тўлашни тақиқлади. Бунинг ортидан қарзни тўлаш мураккаблашди. Россия пули бўла туриб, қарзини тўлаш учун турли йўлларни излашига тўғри келмоқда. Агарда қарз тўланмаса мамлакат дефолт деб эълон қилиниши мумкин.