Санкт-Петербургда Путинни ўлдиришга чорлаган шахс ушланди
Олам
−
30 Январь 2020
13849Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида келиб чиқиши қирғизистонлик бўлган 22 ёшли йигит бинолар деворларига Россия Президентига суиқасд қилишга чорловчи тасвирларни чизгани учун ҳибсга олинди. Петербургнинг Октябрь туман суди тегишли қарорни қабул қилди.
Маълум қилинишича, Муҳаммадазиз Эшматов исмли ушбу шахс “вандаллик” ва “террорчилик фаолиятини амалга оширишга оммавий чақириш” моддалари билан айбланяпти.
Терговнинг аниқлашича, номаълум шахс интернет орқали бошқа бир қирғизистонлик И.Ф.Парпиев исмли шахс билан тил бириктириб, унга РФ Президенти Владимир Путин тасвири кўринишидаги ва “Кўрсанг – ўлдир” (Увидишь - убей) ёзувли трафаретни тайёрлаш, Петербургдаги бир неча бинолар фасадига юқоридаги тасвирларни тушириш учун 5 минг рубль таклиф қилган.
Парпиев таклифга рози бўлган ва бунга Эшматовни жалб қилган. Улар Путинга суиқасд қилишга чорловчи тасвирларни 6 та бино деворига туширишган.
Аммо Эшматов бу жиноятга алоқадорлигини тан олмаяпти. Суд қарорига кўра, у 27 мартгача ҳибсда сақланади.
Айни вақтда Парпиевга нисбатан қандай эҳтиёт чораси қўллаш масаласи кўрилмоқда.
LiveБарчаси