Санкт-Петербург шифохонасидаги 5 ойлик чақалоқ Ўзбекистонга қайтарилди
Жамият
−
02 Сентябрь
10221Бухоро вилоятида яшовчи M.T. исмли аёл 5 ойлик чақалоғини ҳозирда даволаш жараёни тугаган бўлса-да, Ўзбекистонга олиб келиш моддий имконига эга эмаслигини билдириб, болани Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўради. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.
Аёл ўз мурожаатида турмуш ўртоғи О.Н. Россияда бўлиш муддати тугаганлиги сабабли жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлган, аммо 2024 йил 25 январда туғилган 5 ойлик М.З. исмли қизининг Санкт-Петербург шаҳридаги болалар шифохонасида ота-она ғамхўрлигисиз ёлғиз қолганини билдирган. Қизни даволаш ишлари якунига етган бўлса ҳам, фарзандини Ўзбекистонга олиб келиш моддий имконига эга эмаслигини билдирган.
Маълум қилинишича, аёлнинг фарзанди жуда кичик вазнда бир неча юрак касалликлари билан туғилиб, шу сабабдан туғилганидан бери Санкт-Петербургдаги шифохонада тиббиёт ходимлари назорати остида бўлган ва шу давр ичида юраги операция қилинган. Шифохона раҳбариятининг билдиришича, боланинг 8 ой давомида даволаниши, муолажалари ва операция учун ота-она томонидан тўлов амалга оширилмаган.
Аниқланишича, Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси қизалоқни даволаниши учун шифохонага тўланиши жоиз бўлган маблағнинг бир қисмини тўплаган бўлса-да, зарур маблағни тўплашга ҳали анча вақт керак бўлган. Бироқ муаммо ҳал қилиниб, ўзбекистонлик йирик тадбиркорлардан бири ушбу пулларни тўлаб берган. Болалар омбудсмани эса Санкт-Петербургдаги чақалоқни Ўзбекистонга қайтарилиши юзасидан зарур чоралар кўриш учун Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига сўров киритган.
Кеча, 1 сентябрь куни Санкт-Петербург шаҳридан 14 нафар бола қаторида М.З. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва шифокорлар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келиниб, ота-онасига топширилди.
“Қизалоқнинг оиласи мазкур масалада муҳим амалий кўмак кўрсатиб, қизалоқнинг даволаниши тўловини амалга оширишда беғараз кўмак кўрсатган тадбиркорга ва болани Ўзбекистонга қайтарилишида иштирок этган барча масъул идораларига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирмоқда. Эндиликда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан боланинг соғлиғини сақлашга ва оилага ижтимоий кўмак кўрсатишга оид чоралар кўрилади”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда қаровсиз қолиб кетган 31 бола Ўзбекистонга қайтарилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулхонаси кўмагида турли сабабларга кўра Қозоғистонда қаровсиз қолиб кетган вояга етмаган болалар ортга қайтарилди.
LiveБарчаси