Самарқанддаги шифохоналарда 7 млрдлик бюджет маблағи талон-торож қилинган – КҚКА

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағларининг мақсадли сарфланиши бўйича ҳудудларда ўрганишлар ўтказилмоқда. Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш тизимида 7 млрд сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Маълум қилинишича, Агентлик томонидан Молия вазирлиги Давлат молиявий назорат департаменти ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг қуйи тизимларида бюджет маблағлари, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя этилиш ҳолати бўйича ўрганиш ўтказилган.

Ўрганишларда вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 9,256 млрд сўмлик дори воситаларига муқобил тижорат таклифлари мавжуд бўлгани ҳолда, 14,902 млрд сўмга, яъни 5,643 млрд сўм қиммат нархларда давлат харидларни амалга оширилгани аниқланган. Шунингдек, давлат харидларини амалга оширишда 4,999 млрд сўмлик қийматдаги тендер ва 186,1 млн сўмлик электрон дўкон шаклидаги харидлар давлат харидларига оид қонун талабларига зид равишда ташкил қилинган.

Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан 2020 йил 9 ойи давомида жами 1 млрд 384 млн сўмлик талон-торожлик, молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

“Мисол учун, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали томонидан тез тиббий ёрдам бригадаларига жалб қилинмаган ҳамда ишлаётган штат бирлигига нисбатан ортиқча 48 нафар ходимларга 124,5 млн сўм рағбатлантириш учун маблағлар ортиқча тўлаб юборилган”, дейилади хабарда.

Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган талон-торожлик ва суистеъмолчиликлар миқдори жами 7 млрд сўмни ташкил этган. Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Бош прокуратурага юборилди.

Мазкур ҳужжатлар асосида Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари ва вилоят санитария эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди, 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Талон-торож

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар