Самарқанддаги Президент мактабининг 311,8 млн сўмлик давлат хариди бекор қилинди
Жамият
−
26 Август 2023
6803Давлат харидларида айрим буюртмачилар томонидан бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйилгани аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Агентлик томонидан амалга оширилган давлат харидлари текширилганда:
- Жиззах вилояти Зафаробод тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби буюртмачилигида 2023 йил 2 август куни ўтказилган 286,0 млн сўмлик спорт инвентарлари харид қилиш;
- Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи кенгеси томонидан 2023 йил 4 август куни ўтказилган 912,4 млн сўмлик ёзги мажлислар учун чарм томли шийпон қуриш;
- Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган таълим муассасалар агентлиги тизимидаги Самарқанд шаҳридаги Президент мактаби буюртмачилигида 2023 йил 5 август куни ўтказилган 311,8 млн сўмлик мактаб формалари харид қилиш;
- Навоий вилояти Қизилтепа тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 2023 йил 10 август куни ўтказилган 300,0 млн сўмлик транспортда юк ташиш хизмати кўрсатиш юзасидан ўтказилган давлат харидларида қонунчиликка зид ҳолатлар аниқланган.
Жумладан, ушбу давлат харидларида Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 20-моддаси (харид комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат харидларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Қарори билан тасдиқланган Низомнинг бир қатор талабларига амал қилинмаган.
Хусусан, ушбу харидларда иштирок этган талабгорларнинг ҳужжатлари харид комиссияси аъзолари фойдаланган қурилмалар (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган ҳамда айрим иштирокчиларнинг таклифлари харид қилиш ҳужжатларида кўрсатилган баҳолаш мезонларига зид равишда баҳоланган.
“Мазкур ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан харид комиссияларининг баённомаларини бекор қилиш тўғрисида буюртмачиларга тақдимномалар киритилиб, қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.
LiveБарчаси