Самарқандда “Толибон”ни “фанат”лари ўраб олганмиди? ЎМИ изоҳ берди

Жамият 21342
image

Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фуқаролар Ўзбекистонга ташриф билан келган Афғонистон Муваққат ҳукумати  делегациясини ўраб олгани акс этган суратлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси изоҳ берди. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ва бир гуруҳ мамлакат уламолари Самарқанд вилоятида мўмин-мусулмонлар билан яқиндан мулоқот қилиш ҳамда жоме масжидларда намозхонларга маъруза қилиш мақсадида, ушбу вилоятнинг турли ҳудудларида бўлган.

“Мазкур сафар давомидаги аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар, масжид қавмлари ила маърифий суҳбатлар ҳамда халқимизнинг диёримиз имомлари, хусусан, Муфтий ҳазратларига бўлган ҳурмат-эҳтиромлари кўпчиликни мамнун этди. Бундай лаҳзалар ижтимоий тармоқларимиз орқали ҳам кенг ёритилди.

Мана шундай файзли суҳбатлардан бири жорий йил 29 июль куни Самарқанд шаҳрида жойлашган "Намозгоҳ" масжидидаги Жума намозига йиғилган катта жамоат билан бўлди. Ушбу жомедаги мавъизадан таъсирланган масжид қавми якунда Муфтий ҳазратларининг дуоларини олиш учун йўл ёқасига қадар тўп-тўп бўлиб, кузатиб бордилар.

Лекин айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қайд этганимиздек, Муфтий ҳазраларини зиёрат қилишга интилган мўмин-мусулмонларни гўёки “Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари (“Толибон”) мухлислари”, дея асл вазиятдан одамларни чағитишга уриниб, ижтимоий тармоқларда турли изоҳлар ёзганлар”, дейилади хабарда. 

Идора ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ҳақиқатга тўғри келмайдиган бундай изоҳларни ёзмаслик ва уларни тарқатмасликни илтимос қилган.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон Муваққат ҳукумат вакиллари Ўзбекистонга 26 июль куни ўтказилган “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун келганди.

Жорий йилнинг 29 июль куни эса Афғонистон Муваққат ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақи ва Молия вазири Бадри Соҳиб Самарқанд шаҳрида Жума намозини ўқиди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 543
Рейтинг: 3
t
×