Самарқандда милоддан аввалги II-I асрларга оид 5 та хум топилди
Жамият
−
06 Сентябрь 2019
4399Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Қайроғочли қишлоғида антик даврга оид бешта хум топилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Гап шундаки, Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Қайроғочли қишлоғида яшовчи Бунёд Ҳақбердиев жорий йилнинг июль ойи охирларида ўз томорқасига сув қўяётганида, сув бир туйнук орқали ер остига кириб бораётганини ва бунинг оқибатида ернинг ўша қисми чўка бошлаганини пайқаб қолади.
Шунда у сувни тўхтатиб, чўккан жойни ковлаб кўради. Ковланган ердан аввал битта, кенгроқ очилганда яна тўртта хумнинг оғиз қисми кўринади. Сўнгра Бунёд Ҳақбердиев бу ҳақда Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига хабар беради.
Музей-қўриқхона бош муҳофизи М.Юнусов, ЎзФА археологик тадқиқотлар институти директор ўринбосари М.Саидов билан биргаликда топилма аниқланган жойни бориб кўздан кечиради. Аниқланишича, бу ҳудудда ўтган асрнинг 60-йилларигача катта тепалик мавжуд бўлган. Самарқанд музейи илмий ходими И.Сухарев XX асрнинг 30-йилларида вилоят ҳудудидаги барча шундай тепаликлар рўйхатини тузган бўлиб, рўйхатда ушбу ҳудуддаги тепалик ҳам кўрсатилган. Ўтган асрнинг 60-йилларида ушбу тепалик ҳудуддан ўтказилган темир йўл излари тагига текислаб юборилган.
Худди ана шу тепалик яқинида аниқланган хумлар қарийб 2 метр чуқурликдан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ва ЎзФА археологик тадқиқотлар институти ходимлари иштирокида қазиб, чиқариб олинди ҳамда вилоят ўлкашунослик музейига олиб келиниб, синган бўлаклари жойига ўрнатилди.
“Маълум бўлишича ушбу хумлар милоддан аввалги II-I асрларга тааллуқли бўлиб, суюқ маҳсулотлар ва донни сақлаш учун ишлатилган. Ушбу ҳудудда антик даври ашёларининг қайд қилиниши тасодифий эмас. Чунки бир неча йил олдин Нуробод туманининг Жом қишлоғи ҳудудидан Салавкийлар (милоддан аввалги IV аср охири III аср бошлари) давлатига тегишли Антиох тетрадрахма тангалари аниқланган эди. Хончарвоқ ва Жом қишлоқлари ҳам Самарқанд вилоятининг Жануби-ғарбий минтақасида мамлакатимиз жанубига элтадиган йўлда битта чизиқда жойлашган. Хулоса қилиб айтганда, антик даврда вилоят савдо-сотиқ ривож топган, обод бир ҳудуд бўлган”, дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси бош муҳофизи Маҳмудхон Юнусов.
Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ва ЎзФА археологик тадқиқотлар институти илмий ходимлари ушбу топилмаларнинг аналогларини аниқлаб, илмий хулоса чиқариш устида иш олиб боришмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь