Самарқандда мансабдорлар ит ва мушукларни қасддан заҳарлаб, нобуд қилган

Жамият 1566
image

Самарқандда шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъуллари масъуллари томонидан бир неча қаровсиз қолган итлар заҳарланиб, ўлдирилган. Ушбу воқеа ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. 

Воқеа Самарқанд шаҳридаги “Истиқбол” маҳалласида рўй берган. Маҳаллада итлар заҳарлаб ўлдирилиши воқеаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилмоқда. 

Самарқанд вилоти ҳокимияти мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот берди. 

“Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео соҳа мутасаддилари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида атрофлича ўрганиб чиқилиб, натижалари муҳокама этилди.

Минг афсуски, ушбу ҳодисани итларни ўлдириш билан эмас, аксинча, уларни даволаш, рўйхатга олиш ва ўз вақтида эмлаб бориш каби вазифалар билан шуғулланиши зарур бўлган Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъуллари амалга оширганлиги аниқланди. 

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи О.Алламуродов ҳамда Самарқанд шаҳар ветеринария бўлими Сиёб вет участка мудири У.Ражабовлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг қуйи бўлимлари раҳбарлари, вет участка мудирлари қатъий огоҳлантирилди. 

Мазкур ҳолат юзасидан айбдорларга нисбатан қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида ўрганиш натижалари вилоят прокуратурасига юборилди”, дейилади баёнотда. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июль “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 202-сонли қарори билан қаровсиз итларни тутиш билан жойларда ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари шуғулланиши белгиланган. Самарқанд шаҳрида ҳам айнан ушбу масалага Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ҳузурида қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари ташкил этилиб, ушбу масалага масъул этиб белгиланган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 3.0
Будьте в курсе событий!
×
×