Самарқандда коронавирус беморлари камайтириб кўрсатилаётганига ССВ муносабат билдирди
Жамият
−
07 Октябрь 2020
9874Аввалроқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Самарқанд вилоятида коронавирусга чалинган беморлар сони 10 баробар камайтириб кўрсатилганини айтиб чиққанди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистика бўйича танқидларга расмий муносабат билдирди.
Унда қайд этилишича, вазирлик коронавирус билан боғлиқ статистик рақамларни яширишдан манфаатдор эмас. Бундан ташқари, коронавирус статистик кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан олиб борилади ва унга махсус лаборатор (ПЗР) тиббий текширувлар (шу жумаладан, нодавлат тиббиёт муассасаларида ўтказилган тест натижалари) орқали касаллиги тасдиқланган беморларгина киритилади.
“Айрим симптомлар мавжуд бўлиб, коронавирусга гумон қилинган, лекин инфекция тасдиқланмаган, шунингдек, пневмония ёки ўткир респиратор инфекциясига чалинган ёки уларга гумон қилинган беморлар, табиийки, умумий расмий статистикада ҳисобга олинмайди”, дея таъкидлаган ССВ.
Шунингдек, ҳозирда мавсумий юқумли респиратор касалликлар авж оладиган куз фасли бошлангани инобатга олинса, турли вирусли касалликларнинг аҳоли орасида авж олиши ҳам даволаш муассасаларидаги беморлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Вазирлик маълумотига кўра, юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналар ҳамда мамлакатнинг қатор ҳудудларидаги Саралаш ва тақсимлаш марказлари, шунингдек, вақтинчалик “COVID” шифохоналарида, жумладан, Самарқанд ва Андижон вилоятларида ҳам бундай беморлар стационар шароитда даволанишмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда Самарқанд вилоятида 14 та туман ва 2 та шаҳар аҳолиси учун 41 та шифохонада жами 11 763 шифо-ўринлари мавжуд.
Шундан коронавирусни даволаш ҳамда касалликда гумон қилинган беморлар бошқа беморлардан алоҳидалаш учун юқорида кўрсатилган 14 та туман ва 2 та шаҳарда 2 950 та шифо-ўрни яратилган.
Ҳозирда ушбу шифо-ўринларида коронавирусга гумон қилинган, лекин ПЗР лаборатор текширувида тасдиқланмаган (шу жумладан, клиник симптомлари ўхшаш бўлган мавсумий юқумли респиратор касалликларга чалинган) беморларни бошқа турдаги касалликлардан алоҳида стационар даволаниши ташкил этилган.
Шу йил 7 октябрь ҳолатига кўра, вилоятда 136 нафар ЖССТ тавсиялари асосида коронавирус инфекцияси аниқланган бемор даволанмоқда. Бу вазирлик бераётган расмий статистикага мос келади.
“Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда тиббиёт нуқтаи назаридан, шунингдек, юқорида кўрсатилган коронавирус ҳамда унга гумон қилинган ёки мавсумий респиратор юқумли касалликлари мавжуд беморларнинг умумий статистикаси таҳлил қилинмаган ҳолда берилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ўринсиз cаросимага сабаб бўлувчи тасдиқланмаган ахборотларни тарқатмасликни, шунингдек, фақат расмий маълумотларга таянган ҳолда фикр юритишни сўраб қолади”, дейилади баёнотда.
Аммо бир савол туғилади: вазирлик нега муносабатини Коррупцияга қарши кураш агентлигига қаратмади? Ахир Самарқандда статистика яширилгани ҳақидаги маълумотни агентлик директори Акмал Бурҳонов эълон қилди-ку.