Самарқандда “ГАИ” ходими фуқаролар билан тортишди
Жамият
−
20 Февраль 2023
6974Ижтимоий тармоқларда йўл-патруль хизмати (ЙПХ) ходимлари ҳамда фуқаролар ўртасидаги тортишувли вазият акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 февраль куни соат 15:40 ларда Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳудудида ЙПХ ходимлари томонидан Spark русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилиб, текшириш мақсадида меъёрий ҳужжатларини тақдим этиши сўралган. Ҳайдовчи эса ҳужжатлари йўқлигини маълум қилган. Қоидабузарлик ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида атрофда бўлган уч нафар фуқаро ходимларнинг фаолиятига тўсқинлик қилган ва транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилишига ҳам қаршилик кўрсатган.
Ҳайдовчига нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг 7-бандини бузганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси тартибида баённома тузилган. Spark русумли автомобиль ушбу кодекснинг 291-моддаси тартибида вақтинча сақлаш учун жарима майдонига қўйилган.
“ЙПХ ходимларининг қонуний хизмат фаолиятига ҳалақит берган фуқаролар бўйича тегишли ҳужжатлар тўпланмоқда. Барча ҳайдовчилардан белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя этишларини сўраймиз”, дейилади бошқарма хабарида.
LiveБарчаси