Самарқандда “дом”нинг томига бассейн қурганларга чора кўрилди (видео)

3-саҳифа

image

Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларнинг том қисмида бир гуруҳ фуқаролар ўзбошимчалик билан бассейн қурди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси хабар берди. 

Маълум қилинишича, инспекция томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида Самарқанд шаҳри Рудакий кўчасидаги 77-сонли кўп қаватли уйнинг 9-қаватида жойлашган хонадонларни пентхаус қисмида 2 та ҳолатда ўзбошимчалик билан бассейн қурилмаси қурилгани аниқланган.

“Ушбу қурилмалар кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган бўлиб, сейсмик ҳодиса вақтида бинонинг тебранишини кучайтириб, сейсмик мустаҳкамлигига зарар етказиши мумкин”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан инспекция ходимлари томонидан фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси (турар жойларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини, уй-жой фондидан техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларини, кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш) тегишли қисмига асосан маъмурий чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Қўшимча қилинишича, мажбурий кўрсатмада берилган вақт ичида фуқаролар ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, олдинги кўринишга келтирмаса, ушбу қурилмаларни мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризалари киритилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Навоий вилоятидаги боғчада қурилиш сифатсиз олиб борилаётгани аниқланиб, ундаги ишлар вақтинча тўхтатилган, сифатсиз бажарилган ишлар эса жойида буздирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг