Самарқандда 2000 йиллик қозон 29 йил рўзғор учун ишлатилгани аниқланди
Жамият
−
06 Декабрь 2022
14615Самарқанд вилоятида милоддан аввалги II-I асрларга оид бўлган сак қабилаларига тегишли бронза қозон топилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу бронза қозон бундан 29 йил олдин Пайариқ туманидан топилган. Фақат уни топиб олган шахслар унинг ноёблигини билмаган ва уй-рўзғор ишларида фойдаланиб келган.
Қозоннинг баландлиги 37 сантиметр бўлиб, оғиз қисмининг диаметри 52 сантиметрни ташкил этади. Қозон Еттисув воҳаси сак қабилаларига тегишли бўлиб, милоддан аввалги II-I асрларга оиддир.
Маълум қилинишича, Самарқандда бронза қозонларнинг аниқланиши биринчи маротаба эмас. Қароқчи тоғининг Қўшработ туманидан ўтган қисми ёнбағрида жойлашган Сирлибойтепадан, Пайариқ туманидаги Кўктепа археологик ёдгорлигидан ҳам сакларга оид бронза қозонлар топилган.
Шунингдек, 2017 йилда Каттақўрғон туманининг Оқтов тоғларига туташ Йилқиҳайдар қишлоғидан ҳам маҳаллий аҳоли томонидан топилган сакларнинг бронза қозони музей-қўриқхонага топширилган.
LiveБарчаси