Самарқандда 10 минг ўринли масжид қуриляпти. Президент қурилиш жойига борди

Жамият 16678
image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 июль куни Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

Айни вақтда Самарқандда Имом Бухорий мажмуа қуриш ишлари кетмоқда. Қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилмоқда. Мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхоналар қурилади.

Давлат раҳбари шу борадаги ишларни кўздан кечирган, зиёратчиларга барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берган.

“Иншооллоҳ, бу мажмуа очилганидан кейин зиёратчилар янада кўпаяди. Айниқса, нуронийлар кўп келади. Улар учун барча қулайликларни инобатга олиш керак. Бу жой нафақат диний ва маърифий, балки улкан маданий марказ ҳам бўлиши зарур. Шу боис энг яхши гулчиларни олиб келиб, мажмуани қишин-ёзин гулзор қилиб қўйиш керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Буткул янгича қиёфа касб этаётган мажмуа зиёрат туризмининг йирик марказларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжудлиги, улардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Президент Самарқанд туманида барпо этилаётган Туризм марказини ҳам бориб кўрди.

Бу ерда 8 та меҳмонхона, конгресс холл, “Абадий шаҳар” карвонсаройи қурилмоқда. Эшкак эшиш канали тартибга келтирилиб, атрофда боғ яратилмоқда.

Давлат раҳбари бу ерда йирик халқаро анжуманлар ўтказиш учун замонавий шароитлар яратиш, халқнинг маданияти, маърифати, миллий таомларини намоён этиш бўйича тавсиялар берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 445
Рейтинг: 3.2
t
×