Самарқандда ҳокимнинг “жияни” қамалди
3-саҳифа
−
26 Август 2022
20091Самарқандда ўзини ҳокимнинг жияниман деб таништириб, одамлардан пул ундириб келган Хақаро Ислом Академияси талабасига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Zamon” информацион дастурида хабар берилди.
Аниқланишича, Хақаро Ислом Академияси "Исломшунослик" факултетининг 29 ёшли талабаси ҳаммага ўзини “ҳокимнинг жияниман”, деб таништириб, фирибгарлик йўли билан пул ундириб келган. Лекин унинг ҳокимнинг жияни экани тасдиғини топмаган. Қолаверса, сохта жиян фермер хўжалиги раисига ўзини Давлат хавфсизлиги хизмати ходими сифатида таништирган.
Қайд этилишича, фирибгар йигит 2021 йил фермер хўжалиги раисига ғалла ҳосили бўйича юзага келган қарздорликни йўқ қилиб беришини ваъда қилган. Хизмат эвазига у 700 АҚШ долларни олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Раис иккинчи марта ҳам унга алданиб, солиқ бўйича юзага келган қарздорликни нол қилиб бериши учун 2 млн 800 минг сўм берган.
Шунингдек, у ва унинг божаси ўзларини ДХХ ходими сифатида таништириб, мактаб балансида бўлган, ҳозирда фойдаланилмаётган 3 сотих ер майдонини 10 минг АҚШ доллари эвазига Халқ таълими вазирлиги орқали Жомбой туман ҳокимлигининг захирасига олдиришни айтган.
Кейинчалик эса фирибгарлар ерни аукцион савдосига чиқариш учун туман ва вилоят ҳокимлигидаги бир нечта яқин танишларини моддий манфаатдор қилиб, олиб беришни ваъда қилган. Ер харидорига “Жомбой туман ҳокими Қаюм Собиров менинг тоғам бўлади”, деб таништирган ва ишончига кирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жомбой туман судининг очиқ суд мажлисида фирибгарлар Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди билан ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатишлари жазоси, 211-модда (Пора бериш) 2-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57- моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 3 ярим йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
LiveБарчаси