Самарқанд вилояти ҳокимига янги ўринбосар лавозими жорий қилинди
Жамият
−
07 Июнь 2021
7746Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқаруви тузилмасига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 июнда қабул қилинган қарорига кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқарув аппарати тузилмасида вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари ҳамда вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбарининг котибият мудири лавозимлари жорий этилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилиши ва бу вазифани айни пайтда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари бўлган Жамшид Ҳайдаров бажаришини қайд этганди.
Янги ўринбосар лавозими жорий этилиши муносабати билан “Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари” лавозими “Самарқанд вилояти ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари” лавозими этиб номланди (ушбу вазифада Акмал Шукуров ишлаб келмоқда).
Вазирлар Маҳкамаси қарорида Самарқанд вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари — “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбарининг асосий вазифалари белгиланган.
LiveБарчаси