Самарқанд ва Жиззахда сел қанча хонадонни вайрон қилгани айтилди

Жамият

image

Кеча, 20 апрель куни Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида кучли ёғингарчилик натижасида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келганди. Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази томонидан берилган маълумотга кўра, 20 апрель куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида бир соат-у ўттиз дақиқада ёғиб ўтган ёмғир бир ойлик ёғингарчилик миқдорини ташкил этган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сел оқибатлари ҳақида маълумот берди.

Кучли ёғингарчилик оқибатларини бартараф этишда амалий ёрдам сўраб, Самарқанд вилоятидан 222 та, Жиззах вилоятидан 14 та, Навоий вилоятидан 10 та, Қашқадарё вилоятидан 1 та жами 280 дан ортиқ мурожаат келиб тушган. Барча мурожаатлар бўйича, жумладан,  сел оқимлари, сув тошқинлари ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш учун ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 92 та махсус техника, 20 та мотопомпа ҳамда 758 нафар қутқарувчи жалб этилган.

Маълум қилинишича, ёмғир ва оқава сувлар Самарқанд шаҳрининг 5 та шоҳкўчасидан ўтувчи автомобиллар қатнов қисмида, 54 та ички кўчалар атрофидаги ирригация тармоқларида, 20 дан ортиқ кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ва атрофида, 84 та якка тартибдаги турар жой биноларининг ертўлалари ва ҳовлиларида, 5 та умумтаълим (9, 29, 39, 75-сон умумталим, 1 та ихтисослашган) мактаблар ва Мирзо Улуғбек кўчасидаги “Кўзмунчоқ” номли МТМ ҳовлилари ҳамда Нарпай кўчасидаги “Муз саройи” биноси остидаги автотураргоҳда тўпланган.

Ёмғир сувлари Самарқанд туманининг 4 та маҳалласида кузатилиб, Булунғур тумани “Ғубдин” қишлоғи ҳудудидан ўтувчи М-39 “Олма-ота-Бишкек-Тошкент-Шаҳрисабз” автомобиль йўлининг 1046 км.да ўрнатилган д=1500 сув ўтказиш қувурига сиғмасдан йўл қатнов қисмининг бир томонида йиғилиб қолган.

Юзага келган ҳолат оқибатларини бартараф этиш мақсадида, ёнғин-қутқарув бўлинмаларидан 144 нафар шахсий таркиб, 17 та ёнғин-қутқарув техникаси, 11 та мотопомпа ҳамда “Самарқанд сув таъминот” МЧЖдан 6 та махсус техника, 14 нафар ишчи-ходим жалб қилинган.

Жиззах вилоятида ҳам сел аҳоли хонадонлари ва инфратузилма объектларига жиддий талафот етказган. Хусусан, Фориш туманининг тоғли ҳудудлари ва адирликларида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида содир бўлган сел оқими “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 260 та хўжаликдан ўтиб, уларнинг 53 тасига тўлиқ талофат етказган, 44 таси ўрта ва 163 таси енгил даражада талофат кўрган. Қутқарувчилар томонидан 6 нафар фуқаро сел оқимлари ичидан қутқарилиб, Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Ушбу ҳудудда шундай сел оқимлари бундан тахминан 80 йиллар аввал кузатилган.

Сел оқими 15-сон умумтаълим мактаби ва 9-сон мактабгача таълим муассасаси ҳудудига (биноларнинг 1-қаватига) ҳам кирган. 1,5 км. ички йўлларга сел сувлари тошиши оқибатида транспорт воситалари ҳаракати вақтинчалик тўхтатилган.

Юзага келган сел оқими натижасида “Эгизбулоқ” МФЙда жойлашган 25 та хўжаликда истиқомат қилувчи 100 дан ортиқ фуқаролар вақтинчалик яшаш учун яқин қариндошларининг уйларига кўчириб ўтказилиб, улар учун туман ҳокимлиги томонидан ҳаётий зарур маҳсулотлар захираси ташкил этилган.

Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш ишларига жами 520 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари, вилоят ва туман ҳокимлиги масъул раҳбарлари, ФВДТнинг ҳудудий ва қуйи тизимлари хизматлари ишчи-хизматчилари ҳамда 54 та махсус техника жалб этилган.

Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сел оқимлари ўз йўлидан оқиб ўтган. Сел ҳудудлардаги аҳоли яшаш хонадонлари ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига зиён етказмаган.

Қайд этилишича, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти назорати остида давом эттирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

сел

Баҳолаганлар

263

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг