Саломга яраша алик! Россия Британия сиёсатчиларига санкция жорий қилди
Олам
−
16 Апрель 2022
10782Россия Буюк Британия санкцияларига жавобан қироллик ҳукуматининг асосий аъзолари, жумладан, Бош вазир Борис Жонсон, Бош вазир ўринбосари, Адлия вазири Доминик Рааб, Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирлари Элизабет Трасс ва Бен Уоллес ҳамда собиқ Бош вазир Тереза Мэйнинг ўз ҳудудига киришини тақиқлади. Бу ҳақда Россия ТИВ баёнот берган.
“Британия ҳукуматининг мисли кўрилмаган нодўстона ҳаракатлари, хусусан, Россия Федерациясининг юқори мансабдор шахсларига нисбатан санкциялар қўллагани муносабати билан Британия ҳукуматининг асосий аъзолари ва бир қатор сиёсий вакилларини "стоп-лист"га киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Тўлиқ рўйхатга юқоридагилардан ташқари Транспорт вазири Грант Шэппс, Ички ишлар вазири Прити Пател, Молия вазири Риши Сунак, Бизнес, Энергетика ва саноат стратегияси вазири Квази Квартенг, Рақамли технологиялар, маданият, оммавий ахборот воситалари ва спорт вазири Надин Доррис, Мудофаа вазири ўринбосари Жеймс Хиппи, Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стерджен, Англия ва Уэльс Бош прокурори Суэлла Браверман киради.
Қайд этилишича, ушбу қадам Лондоннинг Россияни халқаро миқёсда яккалаб қўйиш, ички иқтисодиётини бўғишга қаратилган чексиз ахборот ва сиёсий кампаниясига жавоб сифатида қабул қилинган.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги яқин келажакда Россияга қарши кайфиятни тарғиб қилувчи британиялик сиёсатчилар ва парламентарийлар рўйхатини яна кенгайтириши ҳақида огоҳлантирган.
“Яқин келажакда бу рўйхат Россияга қарши истерияни қўзғатишга ҳисса қўшаётган, Ғарбни Москва билан мулоқотда таҳдидлардан фойдаланишга ундаган ва Киев неонацист режимини уялмасдан қўзғатаётган британиялик сиёсатчилар ва парламентарийларни ҳам қамраб олади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси