“Саломга яраша алик”. Россия ҳам АҚШ вазири нутқини “бойкот” қилди

Олам 16322
image

Россия делегацияси Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги савдо вазирлари йиғилишини Америка вакили Кетрин Тайнинг ҳисоботи чоғида тарк этди. Бу ҳақда Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълум қилган. 

Қайд этилишича, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги Telegram саҳифасида Кетрин Тайнинг ҳисоботи чоғида вазирлик раҳбари Максим Решетниковнинг ўрни бўш бўлган суратни жойлаган. 

Россия делегациясининг ўша пайтда зални тарк этгани ҳақидаги маълумотни журналистларга йиғилиш иштирокчиларидан бири ҳам тасдиқлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғилишидаги чиқиши чоғида зални Австралия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ ва Япония вакиллари тарк этганди. Ушбу ҳаракатлар Россия Федерациясининг Украинага босқинига норозилик сифатида қабул қилинган.

Маълумот ўрнида, бугун, 21 май куни Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти вазирларининг икки кунлик йиғилиши очилди. Бу ташкилот савдо вазирларининг уч йил ичидаги биринчи юзма-юз учрашувидир, чунки коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар ҳозирда бироз юмшатилган. 

Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 19 мамлакат ва иккита ҳудуддан иборат. Улар орасида 12 та асосчи давлатлар бор: Австралия, Бруней, Индонезия, Канада, Малайзия, Янги Зеландия, Сингапур, АҚШ, Таиланд, Филиппин, Жанубий Корея ва Япония. 

Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси (1991 йилда киритилган), Мексика ва Папуа-Янги Гвинея (1993), Чили (1994), Россия, Вьетнам ва Перу (1998) ҳам иштирок этади. 1991 йилда Хитойнинг иккита ҳудуди, Гонконг ва Тайвань ташкилотга қўшилди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 444
Рейтинг: 3
t
×