Россия вазирининг АТЭСдаги нутқини беш давлат “бойкот” қилди
Олам
−
21 Май 2022
12417Япония, АҚШ ва яна уч давлат вакиллари Россиянинг Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковнинг Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (АТЭС) савдо вазирлари йиғилишидаги чиқиши чоғида зални тарк этишди. Ушбу маълумотни журналистларга Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Тани Санграт тасдиқлади.
“Ҳа, бу ҳақиқат эканлигини тасдиқлай оламан”, дейди Тани Санграт.
Бундан аввал, “Kiodo” агентлиги ҳукуматдаги манбаларга таяниб, россиялик вазир нутқи чоғида Австралия, Канада, Янги Зеландия, АҚШ ва Япония вакиллари йиғилишни тарк этгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу ҳаракатлар Россия Федерациясининг Украинага босқинига норозилик сифатида қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 21 май куни Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти вазирларининг икки кунлик йиғилиши очилди. Бу ташкилот савдо вазирларининг уч йил ичидаги биринчи юзма-юз учрашувидир, чунки коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар ҳозирда бироз юмшатилган.
Маълумот ўрнида, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 19 мамлакат ва иккита ҳудуддан иборат. Улар орасида 12 та асосчи давлатлар бор: Австралия, Бруней, Индонезия, Канада, Малайзия, Янги Зеландия, Сингапур, АҚШ, Таиланд, Филиппин, Жанубий Корея ва Япония.
Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси (1991 йилда киритилган), Мексика ва Папуа-Янги Гвинея (1993), Чили (1994), Россия, Вьетнам ва Перу (1998) ҳам иштирок этади. 1991 йилда Хитойнинг иккита ҳудуди, Гонконг ва Тайвань ташкилотга қўшилди.
LiveБарчаси