“Саккиз кишилик хонада – “Ачавот”даман гўё”. Мирза Азизовнинг Зангиота шифохонасидан норози бўлиб ёзган мактуби эълон қилинди
Маданият-санъат
−
22 Апрель 2021
85895Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16 апрель куни ўзбек киноси ва театрининг забардаст актёри, Муқимий номидаги мусиқали драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов коронавирус хасталигига чалиниб, вафот этди. Актёр бунгача Тошкент вилояти Зангиота туманидаги коронавирус беморларини даволашга ихтисослашган шифохонада даволанаётган эди. Икки ҳафтадан ортиқ ушбу шифохонада ётиб, соғайиш ўрнига аҳволи оғирлашган Мирза Азизов ўлимидан бир неча куни аввал шифохонадаги муҳит ва шароитлардан шикоят қилиб, Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаевга кўмак сўраб, мактуб йўллагани маълум бўлди.
Шуҳрат Ризаев Мирза Азизовнинг вафоти олдидан ёзган мактуби ҳақида кеча, 21 апрель куни “Ҳуррият” газетасида чоп этилган мақоласида сўз юритган.
“Ўнинчи апрель куни тушдан кейин қўл телефонимга қайта-қайта қўнғироқ бўлди, хабар юборилди. Очсам, Мирзахондан хабар: “Ассалом алайкум Шуҳрат акажон! Менга кўп ёрдам бергансиз, яна бир ёрдам қилинг. 18 кундан бери коронавирусга чалиниб, Зангиотада ётибман. Саккиз кишилик хонада – “Ачавот”даман гўё. Шовқин, бақир-чақир ичидаман. Кетиб қоладиганга ўхшайман. Бирон раҳбарларимизга айтинг, мени шароити тузукроқ жойга ўтказиб беришсин, аёлимни чақиришсин, менга Тожибар ўзи қарамаса, бошқа биров қаролмайди. Жон ака, акалик қилинг!”, деган Шуҳрат Ризаев марҳумнинг шикоятларини ёдга олиб.
Мақолада ёзилишича, Шуҳрат Ризаев марҳумнинг хабарини ўқиб, Ўзбекистон Президентининг соҳага масъул маслаҳатчисига қўнғироқ қилган. Маслаҳатчининг аралашувидан сўнг, Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов яхши шароитли алоҳида хонага олинган. Аммо ўша кунлар санъаткорнинг қанд касали сабаб вазият ниҳоятда хатарли тус олиб бўлган.
“Титраб кетдим. Дониёрнинг бевақт ўлими алами аримай, бу хабар келиб турибди. Тўрт-беш ой олдин ўзим ҳам шу “тождор балои зарра”га дучор бўлганим ва йигирма кундан ортиқ ҳадик-хавотирда азобли ўйларни бошимдан ўтказганим учун Мирзахоннинг фарёдини ичдан ҳис қилдим. Вазиятни англаб, Президентимизнинг шу соҳаларга масъул маслаҳатчисига қўнғироқ қилдим. У киши бехабар эканини билдириб, дарҳол Зангиотадаги касалхона бош врачини излашга тушди. Шукурки, шу аралашувдан сўнг икки соатларга етиб-етмай хабар келди — Мирзахонни яхши шароитлик алоҳида хонага олишибди, аёлини чақиртиришибди. Кечроқ ўзи яна телефон қилиб, миннатдорлик билдирди. Мен “бошидан ўтказган табиб” деганларидек, ўз “тажрибам”ни айтиб, кўкрагини ерга қаратиб ётишини тайинладим. Мирзахон шу алп гавдасига боладай содда, беғубор, ишонувчан, ҳаммага яхшилик соғиниб юрадиган самимий йигит эди. Айтганларимни қилибди. Аммо ўша кунлар ҳарорати кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қила бошлаган, боз устига қанд касали бор экан, у билан қўшилиб, вазият ниҳоятда хатарли тус олган…
Тожибар телефон қилади, йиғлаб туриб “Ака, Мирзакамни опқолайлик, аҳволлари жуда оғир, врачлар ҳам умидли гап айтишмаяпти, қандлари 27 га кўтарилибди, ўпка нафас олиши 66 га тушиб кетибди. Шундаям мени аппаратга солишмасин, бўғилиб кетяпман шундоқ ҳам, деб турибдилар…” Соат тунги ўнлардан ошган. Кимга дод деб бораман, шу пайтда… Охири, қўл телефон рақамини топиб, яна бир катта раҳбарларимиздан бирига қўнғироқ қилдим. У номини айтишим биланоқ, “хабарим бор, ҳар соатда бизга ахборот бериляпти, биз Самарқанддамиз, Соғлиқни сақлаш вазири ўша касаллардан бевосита хабардор бўлиш учун Тошкентга қайтиб кетдилар, Президентимиз шахсан ўзлари назоратга олганлар, барча чоралар кўриляпти, аммо касалнинг аҳволи ўта оғир” деди.
Тожибарга қўнғироқ қилдим, айтдим бўлган гапларни, у овозли хабар ёзиб, шу гапларни Мирзакамга эшиттирайлик, далда бўлади деди. Мирзахоннинг саломатлиги шахсан олий раҳбарнинг назоратида эканини айтиб, овозли хабар юбордим. Эртан бориб, шифокорлари билан учрашишни режалаштирдим. Бироқ афсус, минг афсуски, эртаси – 16 апрель куни ўлим муждаси келди”, деб ёзади Ризаев.
Муаллифга кўра, марҳум Мирза Азизов Қашқадарё сафарида коронавирус дардига дучор бўлган. Қайтгач эса оила аъзолари ҳам касалланган.
“Фатҳулла Маъсудов Хоразмга, Мирзахон эса Қашқадарё сафарига бориб келиб, шу дарди бедавога дучор бўлиб ўтдилар. Ҳамсафарларининг айтишича, Қашқадарёда далаю даштни кезиб, ҳатто боғчаларгача бориб учрашувлар ўтказилибди. Мирзахон ўзи Тошкентдан кетишда бироз хасталаниб турган экан. Сафарда хуруж зўрайиб, поездда кела-келгунча ҳарорат оловида ёнган. Келгач, бу газанда вирусни аёлию болаларига ҳам юқтириб, бутун оила ичи билан Зангиотадаги касалхонага тушган”, дейди Ризаев актёрнинг шифохонага тушгунча ўтказган кунларини хотирлаб.
Шуҳрат Ризаев мақолада санъат ва маданият соҳаси вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими қониқарсиз ҳолатда эканига ҳам тўхталиб, коронавирус блаосидан вафот этган санъаткорларни эслаб, шундай дейди:
“Хўш, бунинг савол-жавоби борми? Маънавият, маданият, санъат аҳлини мунтазам ижтимоий ҳимояда сақлайдиган тизим борми ўзи?! Юртбошимиздан барча аҳли адабиёт ва санъат дилдан миннатдорки, мамлакатимизда бу соҳалар ривожига фавқулодда имкониятлар яратилмоқда, олий фармону қарорлар қабул қилиниб, муҳташам муассасалар барпо этилмоқда. Аммо “шундай Ватанимиз бўла туриб”, ўшандай гўзал муассасаларни обод этгувчиларга қуйида эътибор ўшандайми? Наҳотки беистисно ҳар куни телевидение каналларининг камида тўрт-бештасида турли сериал ва кўрсатувларда чиқиб турган, бугун Республика аҳлига таниқли қиёфани зангиоталик шифокорлар таниёлмаган бўлса? Жилла қурса, кўздаги адабиёт-санъат аҳлини кўз қорачиғидек асраб билайлик. Ўзбекнинг онаси Фармонбибининг Соттихон келини Дилбар Икромоваю Абдурайим Абдуваҳобовдек “шум бола”сини, Фатҳулла Маъсуду Мирза Азизовини яна қачон туғаркин-а?!”
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон халқ артисти, Муқимий номидаги мусиқали драма театри директори Мирза Азизов 16 апрель куни 58 ёшида вафот этди. Санъаткорнинг вафоти муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёев таъзия билдирди.
Қайд этиш керакки, коронавирус инфекцияси ўзбек санъатининг қатор йирик дарғаларининг ўлимига сабаб бўлди. Булар орасида Ўзбек Миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатҳулла Маъсудов ва шу театр актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромовани санаш мумкин. Хусусан, COVID-19 га йўлиққан Дилбар Икромова ва унинг ҳамкасблари, жумладан ўғли ҳам Зангиота юқумли касалликлар шифохонасидаги аҳволдан норози бўлиб, QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайховга мурожаат қилганди. Сайт раҳбарининг аралашуви билан Зангиотадаги шифохонада икки ҳафтадан ортиқ реанимацияда ётган ва аҳволи ўта оғирлашиб қолган Дилбар Икромова махсус тез ёрдам машинасида хусусий клиникага ўтказилганди. Аммо бу вақтда ўзбекнинг “Соттиси” анчайин оғир аҳволга келиб қолганди. Кўп ўтмай эса вафот этди.