“Сахар”ни ўлчай оладиган “ақлли соат” чиқарилади
Технология
−
23 Февраль 2023
7495Apple компанияси терини тешмасдан қондаги глюкоза даражасини ўлчаш имконини берувчи технологияни ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ишлаб чиқарувчи аллақачон E5 лойиҳаси бўйича маълум ютуқларга эришган ва эндиликда улардан “ақлли соат” ишлаб чиқаришда фойдаланиш ниятида. Компания “кремний фотоникаси” технологияси ва “оптик ютилиш спектроскопияси” жараёнига таяниб, глюкоза концентрациясини ўлчаш учун лазер ва сенсорлардан, шунингдек, олинган маълумотларни шарҳлаш учун махсус дастурлардан фойдаланади.
Гаджетга бундай тизимни қўшиш компания маҳсулотларини бутун дунё бўйлаб миллионлаб қандли диабетга чалинганлар учун муқобил танловга айлантиради. Биргина Америка Қўшма Штатларида ҳар ўн кишининг бири қандли диабетдан азият чекади, аммо ҳозиргача улар қон намунасини ўлчашда асосан терини тешадиган асбоблардан фойдаланишга мажбур бўлиб келмоқда.
Маълумот учун, ушбу лойиҳа 2010 йилда марҳум Стив Жобснинг ташаббуси билан бошланган. Шу давр мобайнида Apple юзлаб одамларда глюкоза мониторинги технологиясини синовдан ўтказган. Шунингдек, техногигант лойиҳа доирасида Тайваннинг ТSМC компанияси билан ҳамкорлик қилган. Ҳозирда компания янги тизимни тасдиқлаш учун АҚШ регуляторлари билан музокараларни бошлаб юборган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси