Саидова прокурорга қарши: “Дин қўмитаси хулосасига эҳтиёж йўқ”

Жамият

image

Яқинда Ўзбекистон Республикасида 2020-2030 йилларда гендер тенгликка эришиш стратегияси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Бош прокуратура вакили Адхам Одинаев гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинишидан аввал Дин ишлари бўйича қўмита ёки Мусулмонлар идорасининг фикри, хулосалари олиниши лозимлигини айтди. Бироқ Юристлар малакасини ошириш маркази вакили Лола Саидова ходимга Ўзбекистон дунёвий давлат эканини эслатиб, лойиҳани қабул қилишда юқоридаги ташкилотларнинг хулосаларига эҳтиёж йўқлигини тушунтирди.

“Гендер тенглик билан боғлиқ масалаларда диний тарафларга ҳам эътибор бериш керак. Прокуратура ходими бўла туриб бу ҳақда гапиряпти, нотўғри фикр юритяпти, деган  ўйлов бўлиши мумкин. Лекин, Дин ишлари бўйича қўмита ёки Мусулмонлар идорасининг фикри ҳам керак.

Аёллар ва эркакларнинг ҳуқуқлари тенглиги бўйича биз қонуний тарафдан ишни олиб борамиз. Лекин ҳақиқий амалиётда қийналамиз. Чунки айрим эркакларга аёл ва эркакнинг тенглигини, гендер тенглик масаласини тушунтира олмайсиз. Шунинг учун Дин ишлари бўйича қўмита ёки Мусулмонлар идорасидан вакил бўлиши керак. Уларнинг фикри олиниши зарур. Уларнинг тақризидан ўтказилиши лозим. Шундан кейин бу масалада янги фикрлар ҳам пайдо бўлиши мумкин”, дея ўз шахсий фикрларини билдирди Бош прокуратура ходими.

У шунингдек, янги қабул қилинаётган лойиҳани ҳар бир ташкилот биринчи раҳбари даражасигача олиб чиқилиб, унинг фикри инобатга олиниши вақтдан ютилиши ва лойиҳани реализация қилишда муҳим роль ўйнашини билдирди. Прокурорнинг фикрларига Юристлар малакасини ошириш маркази вакили, юридик фанлари доктори Лола Саидова ўз эътирозларини билдирди.

“Гап шундаки, Ўзбекистон дунёвий давлат – бу бир. Иккинчидан, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон қабул қилаётган ҳар қандай режаларда дунёвий давлат имкониятларидан фойдаланилиб, Конституция ва қонунларда белгиланган меъёрлар бўйича ҳуқуқий макон шу ерда яратилди. Ҳуқуқ стратегиясига кўра, диний ташкилотлар эркин ташкилотлар ҳисобланади.

Лойиҳани кўриб чиқишни дин уламоларига берамиз деяпсиз. Ўзбекистон кўп миллатли давлат. Бу стратегия лойиҳаси 130 хил миллат вакилига тегишли ҳисобланади. Эҳтимол Дин қўмитаси хулосасини олиш керакдир, лекин шахсан менинг фикрим – бунга эҳтиёж йўқ. Чунки, Ўзбекистонда дин ишлари давлат ишларидан алоҳида юритилади.

Мен мустақиллик йилларида бирор бир катта ҳужжатлар, инсон ҳуқуқларига оид муҳим дастурлар Дин қўмитасининг хулосаси билан олинганини эслолмайман. Агар шундай қилиш керак бўлса, қилиш керакдир. Инсон ҳуқуқларига оид масалаларда динни асос қилиб “бу тўғри эмасди” ёки “бу ери диний арконларга зид келмоқда” деган хулосалар қанчалик бу стратегияда ўз ифодасини топади? Албатта, бизнинг ҳаётимизда, оиламизда диний нормалар муҳим ўрин тутади. Лекин у ижтимоий ҳаётда, давлат бошқарувида, давлатнинг ривожланиш босқичларида муҳим ўрин тутмайди. Чунки бу бизнинг эркинлигимиз кирувчи категориялар билан баҳоланади”, дейди Саидова.

Тадбирда қатнашаётган Дин ишлари бўйича вакил ҳам Лола Саидованинг фикрларини маъқуллади. Ташкилот томонидан стратегия лойиҳаси ўрганилгани ва эътирозлари йўқлигини айтди. Шундан сўнг, Бош прокуратура вакили йиғилишда Дин қўмитаси вакили борлигини билмаганини маълум қилди.

Маълумот ўрнида, гендер тенглик бу – ҳар қандай соҳада фаолият олиб борадиган эркак ва аёлларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш ҳисобланади ва бунда бири иккинчисидан афзал кўрилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

315

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг