Саида Мирзиёева жамоатчиликни Samarkand Half Marathon'да иштирок этишга чақирди

Жамият 7546
image

Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистонда  иккинчи бор Samarkand Half Marathon хайрия югуриш мусобақаси бўлиб ўтади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи - Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси ўринбосари Саида Мирзиёева жамоатчиликни ушбу марафонда фаол иштирок этишга чақирди. Шунингдек, у хайрия марафонидан тушадиган маблағлар нимага сарфланишини маълум қилди. 

Қайд этилишича, бу йилги яриммарафоннинг асосий мақсади — аутизм спектрининг бузилишига чалинган инсонлар муаммосига эътиборни қаратишдир.

"Бундай мавзуларни четга суриб қўймайдиган ва аутизм муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этадиган лойиҳалар мавжудлиги жуда яхши", дейди Мирзиёева. 

Яриммарафон сайтида югуриш мусобақаси  тўғрисидаги маълумотлардан ташқари, инклюзив муҳитни яратиш бўйича жаҳон мутахассисларининг маърузалари ва маҳорат дарслари бўйича катта ўқув блоки жойлаштирилади. Бу аутизмга чалинган болаларнинг ота-оналари ва аҳолининг аутизм сректрининг бузилиши ҳақида билимини оширади.

"Исталган мамлакат фуқароси хайрия тадбирини қўллаб-қувватлаши ва Samarkand Half Marathon лойиҳасида иштирок этиши мумкин. Бу йил яриммарафон виртуал форматда ўтказилади: ҳар бир иштирокчи жой, вақт ва ҳатто масофани ўзи танлайди. Таъкидлаб ўтишим жоиз, ушбу яриммарафондан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг бирида аутизм спектрининг бузилишига чалинган болалар учун бадиий студияни ташкил этишга сарфланади.

Келинглар, Samarkand Half Marathon'ни қўллаб-қувватлаймиз. Имконияти чекланган болаларни қўллаб-қувватлаш уларга келажакда янада мазмунли ҳаёт кечиришига ёрдам беради. Яриммарафон ташкилотчиларига ҳам ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман, улар бизга мана шундай хайрия тадбирлари уюштириш  кераклигини ва бу орқали барчамизни ягона эзгу мақсад — ҳақиқатан ҳам муҳтожларга ёрдам бериш йўлида бирлашишимиз мумкинлигини кўрсатиб берди", деб ёзади Саида Мирзиёева. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ўтказилган яриммарафонда асосий эътибор кўзи ожизлар муаммоларига қаратилган эди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 93
Рейтинг: 3
t
×