Саида Мирзиёева ёшлар сиёсатидаги ўзгаришларни айтди

Жамият 3298
image

Ўзбекистонда 2017 йилдан бери ёшлар масаласига доир 40 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева кеча, 28 ноябрь куни Тошкентда ўтган “XXI асрда гендер ва ёшлар масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро форумда маълум қилди.

Саида Мирзёева янги юз йилликда ёшларнинг ҳаракатлантирувчи куч сифатидаги роли ортиб бораётганига эътибор қаратди.

“XXI асрда инсоният ўз ривожланиш тарихида ёшлар қатлами 2 миллиардни ташкил қилаётган янги даврга қадам қўйди. Тарихдан ёшлар ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган. БМТнинг 72-сессиясида Ўзбекистон ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ишлаб чиқишни таклиф қилди. Унинг асосий вазифалари ёшлар имкониятларини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқ ва қизиқишларини ҳимоя қилишдан иборат”, деди Мирзиёева форумдаги нутқида.

У сўзида давом этиб Ўзбекистонда ҳам ёшлар сиёсатини ислоҳ қилиш ҳамда ўсиб келаётган авлодга янада кўпроқ имконият яратиш учун қилинган ва қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

“Сўнгги йилларда ёшлар сиёсатига қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Биринчидан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Ҳужжатда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу дастурни амалга ошириш жараёнида 40 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Шунингдек, ўсиб келаётган авлод масаласида қонунчиликка 70 та ўзгартириш киритилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия ва Ёшлар клуби ташкил этилди.

Учинчидан, 30 июнь – Ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун мамлакатда “Ёшлар куни” сифатида нишонланади.

Тўртинчидан, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури ишлаб чиқилди ва шу номдаги жамғарма тузилди. Давлат 2018-2019 йилларда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн 60 млрд сўм маблағ ажратди. Ва ниҳоят, давлат сиёсатидаги муҳим босқичлардан яна бири Президент томондан илгари сурилган “Беш ташаббус” ҳисобланади”, деди Саида Мирзиёева.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3
t
×
×