Саида Мирзиёева Лувр музейида кўргазма ташкил этмоқчи

Жамият

image

Бугун, 18 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева “Assouline Publishing” нашриётининг ҳаммуассиси ва муҳаррири Яффа Ассулин билан учрашув ўтказди. Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилишича, 2021 йилга келиб Франция пойтахти Париж шаҳрида жойлашган Лувр музейида Ўзбекистон маданий меросига оид муҳим кўргазма ташкил этилади. 

“Агентликда Assouline Publishing нашриётининг ҳаммуассиси ва муҳаррири Яффа Ассулин ҳамда буюмлар ва ландшафтни суратга олиш соҳасида эътироф топган фотограф Лазиз Ҳамани билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини акс эттирадиган учта китоб чоп этиш лойиҳасини муҳокама қилдик. Китоблар 2021 йилда Лувр музейида очиладиган “Ипак йўлидаги тамаддунлар ва маданиятлар” номли кўргазма доирасида тақдим этилади.

Ушбу лойиҳа анча қизиқарли бўлиши кутилмоқда. Хориж китобхонлари жозибадор диёримизни нафақат яқиндан билиб олади, балки уларда Ўзбекистонга келиш ва барчасини ўз кўзи билан кўриш истаги пайдо бўлади!”, деб ёзади Саида Шавкатовна. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Матбуот ва ахборот агентлиги негизида қайта ташкил этилганидан кейин, мамлакатда ноширлик соҳасига алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди. Тўғри, амалий ишлар ҳали ўзининг юксак натижаларини кўрсатганича йўқ, бироқ умид аввалгига нисбатан катта. 

Охирги 5 йилликка эътибор қаратсак, мамлакатда тарихий обидалар, маданий меросларни халқаро ҳамжамиятга етказиб беришда ўзбекистонлик таниқли медиамагнат Фирдавс Абдухолиқов жонбозлик кўрсатиб келаётган эди. Унинг ташаббуси билан чоп этилган китоблар кўплаб мамлакатлар музейларида намойиш этилди. Абдухолиқов раҳбарлигида яқинда Лангар Қуръони бўйича махсус илмий изланишлар олиб борилди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ҳам Ўзбекистон маданий меросига оид бир неча китоблар чоп этилишига бош-қош бўлганди. Хусусан, ўтган йили ўзбек ипаги ҳақида китоб, жорий йилда эса тарихий обидалар акс этган бўёқ-альбом Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди томонидан чоп этилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг