Саида Мирзиёева Ўзбекистонда одамлар ўз танқидий фикрларини қўрқмай айтиши ҳақида гапирди

Жамият

image

Ўзбекистонда одамлар давлат бошқарувини қадрлайди ва ўз танқидий фикрларини қўрқмай айта олади. Бу ҳақда мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева “Марказий Осиёда оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий аҳамиятини ошириш” мавзусида ЕХҲТнинг 23-Марказий Осиё ОАВ конференциясидаги нутқида сўз очди, дея воқеа жойидан QALAMPIR.UZ мухбири хабар қилмоқда. 

“Биз сўз эркинлиги туфайли мамлакат қандай ўзгараётганини кўряпмиз. Асосий ютуқлардан бири — фуқароларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида иштироки. Одамлар давлат бошқарувни қадрлашади ва ўз танқидий фикрларини қўрқмасдан айтади. Барқарор фуқаролик жамияти шаклланмоқда. 

Бугун муҳокама қилинаётган мавзу муҳим ва ўз вақтида амалга ошириляпти. Ўзбекистоннинг бундай конференцияларда қатнашишининг ўзи сўз эркинлиги шаклланишининг биринчи босқичидан — цензура ва ўз-ўзини цензура қилишдан воз кечганлигимизни яққол кўрсатиб турибди”, дейди Саида Мирзиёева. 

Саида Мирзиёева нутқида давом этаркан, бугун бутун дунёда оммавий ахборот воситаларида учраётган муаммолар Ўзбекистонга ҳам бегона эмаслигини урғулади. 

“Мен биламан, ҳозир жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган нарса, бу бизнинг ҳам муаммоимиз — нафратли сўзлар, одамларнинг бир-биридан ажралиши, фейклар, зўравонликни тарғиб қилиш, дезинформация. Албатта, биз бу муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун бор кучимизни сарфлашимиз керак. Бу холис ва замонавий ечимларни талаб қиладиган янги вазифадир. 

Биз буни билиб улгурганмиз, постларни тақиқлаш, ижтимоий тармоқларни блоклаш, нутқни тартибга солиш, қонунларни кескинлаштириш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин эмас. Буларнинг барчаси тескари таъсир кўрсатади ва вазиятни янада кучайтиради. 

Ўйлайманки, овозлар қанча кўп бўлса, ишончлилик учун ҳар қандай маълумотни текшириш имконияти шунча кўп бўлади. Биз одамларга манипуляцияга қарши иммунитетни сингдиришимиз керак. Ахборот бозорида рақобатлашиш осон эмас — ҳақиқат ҳар доим жарангдор сарлавҳаларни йўққа чиқаради”, дейди Саида Мирзиёева. 

У, шунингдек, ҳақиқат ва ёлғон ўртасидаги ахборот қарама-қаршилигида журналист ва блогерлар жамияти ҳамжиҳатлиги катта роль ўйнашини ҳам айтган. 

Маълумот ўрнида, гибрид форматда ўтказилаётган конференцияда ЕХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Тереза Рибейру, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари бўйича координатори, лойиҳавий фаолият бўйича бош мутахассис Ханс-Улрих Им иштирок этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

104

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг