Садир Жапаров Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди
Жамият
−
11 Март 2021
6919Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, учрашув давомида Қирғизистон Президенти коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон томонидан кўрсатилган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирган. Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасида, жумладан, дори-дармон ва тиббиёт воситалари етказиб бериш борасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилган.
Шунингдек, фан, таълим, маданият, спорт ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича якдил фикр билдирилган. Давлат раҳбарлари маданий алмашинувлар икки халқ ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, маданият кунлари ва бошқа гуманитар тадбирларни қайта тиклашга келишиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон тарафига Қирғизистонда иккита модуллик юқумли касалликлар шифохонасини қурилганлиги муносабати билан миннатдорчилик билдирганди.
Мамитов кейинчалик ҳам Шавкат Мирзиёевга коронавирус пандемиясига қарши курашда кўрсатилган катта кўмак ва амалий ёрдам, шу жумладан, Қирғизистон ҳудудларида мобил тиббиёт марказларини қуриш лойиҳалари амалга оширилгани учун чуқур миннатдорлик билдирган.
LiveБарчаси