Садир Жапаров қирғизистонликларни қарздан хавотир олмасликка чақирди
Олам
−
04 Ноябрь 2023
10013Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат ташқи қарзини тўлаш билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. У Facebook’даги саҳифасида ўз фикрини билдирди.
Давлат раҳбари мустақилликка эришгандан то 2020 йилгача мамлакатнинг давлат қарзи қарийб 5 миллиард долларни ташкил этганини таъкидлади.
“Ушбу қарзнинг фоизлари билан тўлиқ тўланиши менинг ва жамоамнинг фаолият юритиш муддатига тўғри келади. Бюджет тақчиллиги, пандемия ва постпандемия инқирози, шунингдек, дунёдаги мавжуд инқирозларга қарамай, биз ҳар доим ўз вақтида тўловларни амалга оширдик”, деб ёзди у.
Унинг билдиришича, республикада тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурар экан, тўловни давом эттиришга тўлиқ имкон бор.
У бундай имкониятларни, жумладан, 2020 йилга нисбатан бюджетнинг уч баробарга ошишини тушунтирган. Шунингдек, у бугунги кунда коррупция 90 фоизга йўқ қилинганини айтган. Шу туфайли бюджет ҳам ошади.
“Эсингизда бўлса, 2019 йилда халқимиз ташқи қарзимизни қандай тўлаймиз, тўламасак, ерларимиз қолиб кетади, деб бош қотира бошлади. Энди бундай муаммо йўқ. Аксинча, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ошириб, айни пайтда ташқи қарзни тўлаяпмиз. Биз армиямизни кучайтирмоқдамиз.
Биргина сўнгги икки йил ичида қарийб 2 миллиард долларлик замонавий технология намуналарини харид қилдик. Йўллар, мактаблар, болалар боғчалари, темирйўллар, йирик ГЭСлар, аэропортлар қурилмоқда. Биз ички рейслар учун тўртта самолёт сотиб олмоқдамиз. 1 мингта автобус сотиб олдик”, дейди Президент.
Унинг сўзларига кўра, ташқи қарзни тўлаш чўққиси 2024 йилга яқинлашмоқда.
“Энг муҳими, ташқи қарзни ўз кучимиз, яъни бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаймиз. Илгари унинг бир қисмини яна кредит ёки грант олиб қоплаган эдик. Ҳозирги ташқи қарзимизни қоплаш учун кетадиган маблағ ғазнамизда қолса, янада кўпроқ ишлар қилинган бўларди” дея хулоса қилди Садир Жапаров.
LiveБарчаси