Сабзи организмни юқумли касалликлардан муҳофаза қилади

Фойдали

image

Сабзининг шифобахш хусусиятлари қадимдан маълум. Ўрта асрларда ундан юрак, қон-томир, жигар  касалликларини, шунингдек сариқ ва йўтални даволашда кенг фойдаланилган.

Бугунги кунда сабзи камқонлик, меъда-ичак йўллари, ёғ босган организм, буйрак касалликлари ва бошқа қатор иллатларни даволашда муолажавий овқатланиш таркибида асосий ўринлардан бирини эгаллайди.

Сабзи каротин моддасига жуда бой бўлган сабзавотдир.Организмни бу модда запаси билан 2 кунга етарли таъминлаш учун ўртача катталикдаги битта сабзини истеъмол қилиш етарли бўлади. Бундан ташқари бу сабзавот тури В, РР, К, Е витаминлари, кальций тузи, калий, фосфор, натрий, темир, йод, магний ва бошқа фойдали моддаларга бой. Сабзида оқсил моддаси кам, лекин унинг таркибида тахминан 7% углевод (унинг асосий қисмини организмда яхши ҳазм бўлувчи глюкоза ташкил этади) бор.

Хом сабзини истеъмол қилиш соч ва тирноқларнинг синувчанлигида, кўриш қобилияти пасайганда жуда фойдали. У организмнинг касалликлардан ҳимояланиш кучини кўпайтиради, юқумли касалликлардан муҳофаза қилади. Худди шунинг учун ҳам ундан организм витамин етишмаслигидан толиқадиган қиш кунлари, халқимиз “илик узилди” деб атайдиган эрта баҳор кунлари истеъмол қилиб туриш тавсия этилади. 

Бу сабзавот оғиз бўшлиғи учун фаол антибактериал воситадир. Стоматит (милк яллиғланиб, чақа бўлиши)ни даволашда халқ табобати сабзи шарбатига бир оз асал қўшиб чайишни тавсия қилади.

Сабзи қабзиятда мислсиз шифобахш сабзавот бўлиб, ошқозон-ичак йўлларидаги иллатларда ҳам фойдалидир. Сурги сифатида қирғичда қирилган сабзини ва шунингдек, унинг шарбатини (150-200 мл кечқурун уйқуга ётиш олдидан) истеъмол қилиш ниҳоятда фойдали. Бавосирда сабзи баргини дамлаб чой сифатида ичиш ёрдам беради. Узоқ вақт битиши қийин бўлган ярага сабзи бўтқаси боғланади. Сабзи минерал модда алмашинувини меъёрга келтиришда фойда беради, унинг шарбати катаракта ва конъюктивит касалликларида кўз ҳолатини яхшилайди.

Шуни таъкидлаш лозимки, қалқонсимон без касалликларида сабзи таркибидаги каротин организмда ўзлаштирилмайди. Шунингдек ингичка ичакнинг ўткир шамоллаши жараёнида сабзи истеъмол қилиш тавсия этилмайди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг