Саакашвилининг ақли заифлашдими? Уни озод қилиш бўйича суд бошланди

Олам

image

Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвилини соғлиғи сабабли озод қилиш ҳақидаги аризани кўриб чиққан Тбилиси шаҳар судининг учинчи йиғилиши кеча, 9 январь куни якунланди, навбатдаги суд мажлиси 11 январга белгиланган. Бу ҳақда Грузиянинг “Interpressnews” агентлиги хабар берди. 

Учрашув якунида Саакашвилининг адвокати Шалва Хачапуридзе тингловларни ҳар куни ўтказишни илтимос қилди, чунки жараёнда кўп сонли гувоҳлар сўроқ қилиниши керак, шунингдек, Саакашвилининг аҳволи оғир. Бироқ судья Георгий Аревадзе ҳар куни суд мажлисини ўтказишга жисмонан улгурмаслигини рўкач қилиб, бу талабни рад этди. 

9 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида америкалик невролог Шахин Эммануэль Лахан видео ҳавола орқали гувоҳлик берди. У бошқа экспертларнинг Саакашвилининг аҳволи оғирлиги ва унга малакали ёрдам кераклиги ҳақидаги гапларини тасдиқлади. Лахан собиқ Президентнинг ақли заифлигига эътибор қаратди ва Саакашвилининг бир неча бор ҳушидан кетганини, бу эпилепсия аломати бўлиши мумкинлигини айтди. 

Саакашвилининг ўзи суд ишида қатнашмайди. “Вивамед” клиникаси директори Зураб Чхаидзенинг тушунтиришича, собиқ Президент соғлиғи сабабли судда қатнаша олмайди. Чхаидзенинг фикрича, бу унга қўшимча жисмоний ва руҳий юк бўлади. Суд биноси яқинидаги учрашувга параллел равишда Саакашвилининг тарафдорлари уни озод этиш талаби билан норозилик акцияси ўтказди. 

Аввалроқ “Эмпатия” нодавлат ташкилоти экспертлари Саакашвилининг танасида оғир металлар, жумладан симоб изларини аниқлаган эди. Уларнинг сўзларига кўра, сиёсатчига қамоқ жазоси билан мос келмайдиган ўнта ташхис қўйилган. Грузия Адлия вазирлигининг махсус жазони ижро этиш хизмати Саакашвилидан олинган тестлар заҳарли моддалар йўқлигини кўрсатганини маълум қилди. Грузия расмийларининг позицияси шундаки, Саакашвили симуляция қилмоқда. 

Саакашвили 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган муниципал сайловлардан бир кун олдин Грузияга яширинча келган, шундан сўнг у ҳибсга олиниб, Рустави шаҳридаги қамоқхонага жойлаштирилган. У ўзини сиёсий маҳбус деб атаб, очлик эълон қилди. Собиқ Президентнинг соғлиғи ёмонлашганидан кейин у қамоқхона шифохонасига, кейинроқ эса ҳарбий госпиталга ўтказилди. 2021 йил декабрида Саакашвили жазони Рустави қамоқхонасида ўташни давом эттирди, бироқ май ойида у Тбилисидаги “Вивамед” хусусий клиникасига олиб борилди ва шу кунгача ўша ерда қолмоқда. Собиқ Президент қамоқхонада оғир хасталикка чалинганини бир неча бор таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Михаил Саакашвили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made