C5+1 форматидаги саммит Хитой билан ҳам ўтказилади
Олам
−
20 Март 2023
6973Жорий йилнинг май ойида Хитойда Марказий Осиё давлатлари ва ХХРнинг биринчи саммити бўлиб ўтади. Унда ҳамкорликнинг улкан режасини муҳокама қилинади. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга Наврўз байрами муносабати билан йўллаган табригида сўз борган.
“Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган “Хитой-Марказий Осиё” биринчи саммитида иштирок этиш ва Хитойга давлат ташрифи билан келишингиздан мамнунман. Мен сиз билан Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни, шунингдек, Хитой ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш бўйича улкан режани муҳокама қилишни интиқлик билан кутаман”, дейилади Тожикистон Президенти сайтида чоп этилган табрикномада.
Шунингдек, Си Цзиньпин Хитой-Тожикистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор беришини ёзган. У ўтган йилнинг сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида икки давлат раҳбарлари қатор муҳим келишувларга эришганини, бу эса Хитой ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришнинг аниқ йўналишини кўрсатганини таъкидлаган.
Маълумот учун, 2022 йил январь ойида Хитой ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ХХР ва Марказий Осиёнинг бешта давлати: Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган виртуал саммит ўтказилган.