Рус “пропаганда”сига учаётган ўзбеклар ёхуд Ҳукуматнинг сукути оқибати нима бўлади?

Интервью 18768

Кеча, 21 сентябрь тонггида Россия Федерацияси Президенти мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Унинг ортидан Мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарлик бўйича қарорга кўра, 300 минг киши ҳарбий хизматга чақирилади.

Шу сабабли кечанинг ўзидаёқ кўплаб россияликлар қўшни мамлакат ҳудудларига қочишга уринди. Масалан, Президент Путиннинг ҳарбий сафарбарлик ҳақидаги нутқидан сўнг бир неча дақиқа ичида 21 сентябрь учун Истанбул, Тбилиси ва Ереванга бўлган барча тўғридан-тўғри парвозлар чипталари руслар томонидан сотиб олинган. Ҳатто, Москва-Тошкент йўналиши бўйича чипталар ҳам куннинг ярмигача тугаб бўлган. Россиядан водий вилоятларига бўлган авиачипталар нархи ҳам икки бараварга ошиб кетган. 

Катта миқдорда Россия иммиграциясига дуч келаётган бошқа мамлакатлар аллақачон  ўз чегараларини Россия фуқаролари учун ёпиб қўйди.

Ўзбекистон бундай вазиятда қандай йўл тутиши керак? Россиядаги ҳарбий сафарбарлик вақтида у ерда бўлган миллионлаб ўзбек мигрантларининг тақдири қандай бўлади? Шу каби саволларга жавоб олиш учун QALAMPIR.UZ мухбири миграция масалалари бўйича эксперт, ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад билан суҳбатлашди.

Унинг айтишича, Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан олдин ҳам тизимли равишда нафақат россияликларни, балки бошқа давлат фуқороларини ва қамоқдаги маҳбусларни ҳам Украинадаги ҳарбий можороларга жалб қилиш ишлари олиб борилган. У бу ҳақда гапираркан, Ўзбекистон фуқароларини сақлаб қолиш борасидаги ишларга тўхталиб, шундай дейди: 

“Лекин, бу борада Ўзбекистон ҳукумати томонидан бирор бир амалий иш қилингани йўқ. Фақатгина Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги берган бир нечта огоҳлантиришни ҳисобга олмаса, Ўзбекистон ҳукумати ўзининг урушга бўлган муносабати, Ўзбекистон фуқароларининг жалб қилинишига, ёлланишига бўлган муносабатини аниқ эълон қилгани йўқ”.

Мигрантлар билан доимий тарзда ишлаб келаётган Ботиржон Шермуҳаммад Россияда қамоқхоналарида сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳукуматнинг аллақачон эсидан чиқиб кетганини афсус билан тилга олди.

“Ҳукуматдагилар ҳалигача Россия қамоқхоналарида қанча фуқароларимиз борлигини билмайди. Фақатгина 2017 йилда эълон қилинган маълумотлар бор ва унга кўра, 6300 дан ортиқ ўзбекистонликлар қамоқхоналарда сақланяпти. Бу кичкина рақам эмас. Уларнинг кўпчилиги узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган ва ҳозирги ҳолатда урушга кетиш таклифини қабул қилиши мумкин”, дейди эксперт. 

Унинг айтишича, Россияда ўзбекистонлик маҳбусларни ватанга жўнатиш бўйича 2016 йилда Фармон имзоланган. Унга кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасида шартнома имзоланиши керак. Россияда жиноий айблов билан ўзбекистонлик ҳибсга олинган  бўлса ва у Ўзбекистонда ҳам жиноят ҳисобланса, шу ердаги қамоқхоналарда жазони ўташи мумкин. Бу эса қайта суд жараёнлари ва маҳбуснинг яқинлари унинг ҳолидан хабар олиб туриши учун қулай эди. Шартнома бўйича Ўзбекистон ҳукумати ва Бош прокуратура масъул эди. Лекин Ўзбекистон бу шартномага ҳали имзо қўйгани йўқ. Бу эса Ботиржон Шермуҳаммаднинг айтишича, жуда катта хавф. Натижада, бугун неча ўзбекистонлик фуқаро рус қўшинлари сафига қўшилганини билиш эса имконсиз. Шунинг учун,  ҳозирги вазиятда элчихона вакиллари ҳибсхоналарга, мигрантлар марказларига бориб тушунтириш ишларини олиб бориши ҳар қачонгидан кўра зарурдир. 

Мутахассис ўзбекларнинг урушга жалб қилинишининг уч хил сабаби борлигини айтиб ўтди:

“Биринчидан, Россия ўз фуқаролигига қабул қилиш қоидаларини кескин осонлаштирмоқда. Бир йил хизмат учун фуқаролик берилмоқда. Бу олдинлари айнан Ўзбекистон фуқаролари учун жуда қийин эди. Фуқаролик олиш ниятида юрган ўзбеклар бу “имконият”дан фойдаланиб қолиши мумкин. 

Иккинчидан, кўплаб ўзбек муҳожирлари Россияда ноқонуний ишлаб келади. Уларни исталган вақти Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўлга олиши, депортация билан қўрқитиб, урушга жўнатиб юбориши мумкин. Бунга Украинада қўлга тушган икки ўзбекнинг бири мисол бўла олади.

Учинчидан, Россия “пропаганда”си ҳеч қачон урушда ким ютмоқда, “махсус операция” қандай кечаётгани борасидаги аниқ картинани кўрсатгани йўқ. Шу сабабли кўплаб фуқаролар урушда Россия ғолиб бўлмоқда, деган фикрда. Натижада, ўзбек фуқаролари ҳам рус “пропаганда”сига алданиб қолиши мумкин”.

Мутахассис бу сафарбарлик ва хорижий фуқароларнинг ёлланиши Сурия билан бўлган вазиятдан сира фарқ қилмаслигини таъкидлади:

“Москвадаги “Сахарово” миграция марказида ҳар куни 2000-3000 дан ошиқ мигрантлар ҳужжат расмийлаштиради. Ана шу ернинг ўзида ишлагани келган меҳнат муҳожирларини ҳарбий жараёнларга очиқдан-очиқ даъватлар бўлмоқда”.

У Украинада қўлга тушган икки ўзбек аскари ҳақида яна гапирар экан, улар фақат қўлга тушганлари экани, ушланмаганлари ёки уруш майдонида ўлиб кетганлари жуда кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда. 

Ўзбекистон ҳукуматининг жимлик сиёсатини юритиши “Ўзбекистон Россия тарафда”, деган тушунчаларнинг пайдо бўлишига олиб келмаяптими мазмунидаги саволга жавоб берар экан, мутахассис, Ўзбекистон Россияда катта миқдордаги ўзбек мигрантлари борлиги сабаб нейтрал позицияни қўллашга мажбур эканини айтди.

“Лекин, барибир тўғридан-тўғри бизнинг ва фуқароларимизнинг манфаатларига зид бўлган пайтда индамай туролмайми-зку. Агар биз индамасак, фақат хўп деб тураверсак, давлатчилик қаерда қолади? Агар бизга “иттифоқчи” деб аталадиган давлат бизнинг фуқароларимизни тўғридан-тўғри урушга жалб қилиб, ҳалок бўлишга чорлайдиган бўлса, биз қандай мустақил давлат бўламиз? Бу ҳеч қанақасига тўғри келмайди. Биз халқаро ҳуқуқ субъекти бўлганимиздан кейин бошқа давлатлар билан тенг мақомда гаплашишимиз, келишишимиз, керак бўлса, талашиб-тортишишимиз керак. Чунки бизга Россия ё бошқа давлатларнинг манфаатлари эмас, биринчи навбатда ўзимизнинг манфаатларимиз қизиқ. Ана ўшанда бошқа давлатлар ҳам бизни давлат сифатида ҳурмат қила бошлайди”.

Бундан ташқари, мутахассис Ўзбекистонда Россия “пропаганда”сига қарши ҳеч қандай чора қўлланилмаётганидан ташвишда эканлиги билдирди.

“Бизни ҳеч ким, Россиями ёки бошқаси – босиб олмаса керак. Яна ҳам Худо билади. Лекин Россия “пропоганда”си – сўнгги йилларда Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид. Катта ёшли аҳоли вакиллари, асосан, рус телеканалларини томоша қилади. Ёшларимизнинг тарбияси ҳақида кўп гапирамизу, лекин, катталарнинг тарбиясини Россия анча бузиб қўйган”,деб хавотир билдиради у. 

Ботир Шурмуҳаммаднинг айтишича, Россия-Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашадиган бўлса, “пропаганда”га алданган фуқаролар мустақилликдан ҳам воз кечиши, Россия томонга ўтиши, собиқ СССРнинг тикланишига рози бўлиши мумкин. 

“Бу бизнинг ахборот майдонида ютқазганимизни билдиради. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Россия пропагандасига қарши ҳеч қандай иш қилингани йўқ. Майли, уларнинг телеканалларини Ўзбекистон ҳудудида чеклаб қўйишга қўрқармиз. Лекин ўзбек телеканалларида ҳам бунга қарши ҳеч қандай иш қилингани йўқ”, дея танқид қилди миграция масалалари бўйича мутахассис.

Шунингдек, у Путин қисман сафарбарлик эълон қилганидан сўнг мамлакатда намойишлар ўтказилаётгани ва бу ўзбек мигрантларига ҳам салбий таъсир қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. 

“Ўзбекистон фуқаролари митинглар бўлиши режалаштирилаётган майдонлар, кўчалар ва “станция”дан узоқроқ юриши керак. Бундай намойишларнинг ўзбекистонликларга ҳеч қандай фойдаси йўқ”, дейди эксперт.

Хўш, Россия қонунчилигига кўра ҳарбий сафарбарлик ўзи нима дегани?

Сафарбарлик ёки мобилизация – бу бутун мамлакатни тинчлик давридан жанговар шай ҳолатга ўтказишдир. Мамлакат ва вилоятлар иқтисодиёти, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Қуролли Кучлар ҳам жанговар ҳолатга кеттирилади.
 
Қисқа қилиб айтганда, мамлакат уруш даври қоидалари бўйича яшашга ўтади, саноат армияга зарур бўлган ресурсларни ишлаб чиқаришга мослаштирилади. Ҳарбий мажбурияти борлар, армия ёшидаги фуқаролар зудлик билан хизматга йўналтирилади. Захирага олинганлар эса яна қайта ҳарбий хизатга, яъни уруш майдонларига жалб этилади.

“Ҳарбий ҳолат тўғрисида» Федерал қонунига биноан, ҳарбий сафарбарликнинг жорий этилишининг сабаби қуйидагича:
•    Россия ҳудудига хорижий давлатга бостириб кириш, унинг бирон бир қисмини босиб олиш; 

•    Россия Федерацияси ҳудудини хорижий қуролли кучлар томонидан бомбалаш;


•    Россия портлари ёки қирғоқларини блокировка қилиш;

•    Жойлашган жойидан қатъи назар, хорижий давлат Қуролли Кучларининг Россия Федерацияси Қуролли кучларига ҳужуми;

•    Ўз ҳудудидан бошқа давлатга Россияга қарши тажовуз қилиш учун фойдаланишга имкон берадиган хорижий давлатнинг ҳаракатлари;

•    Россияга қарши тажовузни амалга ошириш учун хорижий давлат томонидан қуролли тўдалар, гуруҳлар, тартибсиз кучлар ва ёлланма ишчиларни юбориш.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шу мавзуга доир “Сафарбарлик – Путиндан қора хатми?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. 

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 189
Рейтинг: 2.9
t
×