Рус-қозоқ чегарасида тирбандлик: Қозоғистон россияликлар учун ёпиладими?

Олам

image

Россия фуқароларининг Қозоғистонга киришини чеклаб бўлмайди, лекин яшаш учун рухсатнома қонунга мувофиқ ва тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин берилади. Бу ҳақда Сенат спикери Маулен Ашимбаев маълум қилди.

Қайд этиш керакки, 21 сентябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин қисман сафарбарлик эълон қилганидан сўнг, мамлакатни кўплаб Россия фуқаролари тарк эта бошлади.

Бунинг ортидан, ижтимоий тармоқларда Россия-Қозоғистон чегара пунктларида тирбандликлар акс этган видеолари тарқалмоқда. Масалан, Россиянинг Озинки қишлоғи яқинидаги Ғарбий Қозоғистон вилоятига кириш пунктида бир неча километрли тирбандлик пайдо бўлган. Йўловчиларнинг таъкидлашича, улар 10 соатлаб тирбандликда қолишган. Тармоқларда чегарани ёпиш ҳақида ҳам гап-сўзлар чиқди.

Сенат спикери Маулен Ашимбаев чегарадаги вазиятга муносабат билдириб, россияликларнинг Қозоғистонга келиб-кетишини тақиқлаб бўлмаслигини таъкидлади.

“Агар россияликлар бизга келиб, кейин кетмоқчи бўлса, бу ерда бирон-бир иш билан бир муддат қолишни истаса, биз чеклай олмаймиз”, дейди спикер.

Ашимбаевнинг қайд этишича, Қозоғистонда вақтинча яшаш рухсатномасини олиш учун Россия фуқаролари жўнаб кетиш варақасини тақдим этишлари керак.

“Агар фуқаро Қозоғистон давлат органларига келиб, яшаш учун рухсатнома, яъни тайёрлаши керак бўлган ҳужжатлар рўйхатини сўраса, ушбу ҳужжатлар орасида шахс чиқиб кетадиган давлатнинг розилиги тўғрисидаги банд мавжуд. Бу қонунларимизда аниқ белгилаб қўйилган. Агар давлат фуқарога кетишга рухсат бермаса, лекин у қандайдир тарзда чиқиб кетган бўлса, Қозоғистон унга яшаш учун рухсат бера олмайди. Розилик – бу кетиш варақаси, тегишли имзо ва муҳрлар бўлиши керак”, дея тушунтирган у.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Владимир Путин Россияда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра биринчи босқичда 300 минг Россия фуқароси фронтга боради. Сафарбарлик ҳақидаги қарордан кейин Россия бўйлаб норозилик намойишлари авж олди. Ҳозиргача 1000 дан ортиқ одам ҳибсга олинган.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

206

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг