Руминиядаги ёқилғи қуйиш шохобчасида кучли портлаш юз берди (видео)
Олам
−
27 Август 2023
5763Кеча, 26 август куни Руминиядаги суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида иккита портлаш содир бўлди. Оқибатда бир киши ҳалок бўлди ва 30 дан ортиқ киши яраланди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Раед Арафат маълум қилди.
Қайд этилишича, суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида биринчи портлаш тахминан Руминия вақти соат 19:00 содир бўлган. Шундан сўнг, кучли ёнғин бошланган, ёнғин иккита танкер ва яқин атрофдаги уйни қамраб олган. Тахминан икки соатдан кейин иккинчи портлаш юз берган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 30 дан ортиқ киши жароҳат олган. Уларнинг 26 нафари биринчи портлашдан кейин ёнғинни ўчириш учун келган ўт ўчирувчилардир. Раед Арафат янги портлашлар хавфи сақланиб қолаётганини қайд этган.
Айни вақтда расмийлар аҳолини тахминан 300 метр радиусда эвакуация қилган, шунингдек, Бухарест йўналишида кучли тутун тарқалаётгани ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон шарқидаги Резавий Хуросон вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводида портлаш юз берганди. Оқибатда икки киши ҳалок бўлиб, беш киши тан жароҳати олган.