Ўзбекистон Туркманбоши портини ривожлантиришда иштирок этади
Жамият
−
17 Ноябрь 2679 3 дақиқа
Бугун, 17 ноябрь куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари кенгайтирилган таркибда икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди. Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси Туркманистон Президентининг давлат ташрифи икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Савдо, транспорт, энергетика, сув хўжалиги ва бошқа муҳим соҳаларда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилди.
“Шубҳасиз, ушбу ютуқларда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси, ҳурматли Гурбангули Бердимуҳамедовнинг улкан ҳиссаси бор”, деди Президент Мирзиёев.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки бараварга кўпайиб, 1 миллиард доллардан ошди. Маҳсулотлар турини кенгайтириш ва эркин савдо режимидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши ҳам товар айирбошлашни кўпайтиришга хизмат қилади. Ушбу тажрибани бошқа манзилларда, биринчи навбатда, “Олот-Фараб” ҳудудида қўллаш бўйича келишувга эришилди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа талаб юқори бўлган товарлар ишлаб чиқаришга қаратилган янги лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди. Энергетика соҳасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Янада кенгроқ лойиҳаларга ўтиш, шу жумладан, истиқболли конларни биргаликда ўзлаштиришга келишиб олинди.
Қайд этилишича, транспорт соҳаси икки мамлакат иқтисодиётини боғлайдиган муҳим бўғин ҳисобланади. Юк ташиш ҳажми ўсиб бормоқда, божхона-логистика тартиблари соддалаштирилмоқда. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва пойтахтлар ўртасида тўғридан тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб олди.
Эришилган келишувларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш учун йил охиригача Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишлари ўтказилади. Етакчилар гуманитар соҳа кўп қиррали алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори эканлигига урғу берди. Урганч ва Тошкентда Туркманистон маданияти кунлари ва туркман фильмлари намойишлари муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади.
Ҳамкорлик суръатини сақлаб қолиш учун томонлар ўзаро концертлар ва театрларнинг ижодий сафарларини мунтазам равишда ўтказиш, Хивада Ёшлар форумини ташкил этиш ва биргаликда фильмлар ишлаб чиқариш амалиётини давом эттиришга келишиб олди. Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани борасидаги алмашинувлар фаоллашади. Музокаралар якунида давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан масъулларга топшириқ берди.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов кеча, 16 ноябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келганди. У Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Live
Барчаси