Роза Отунбоева БМТ Бош котибининг махсус вакили бўлди
Олам
−
03 Сентябрь 2022
5806Қирғизистоннинг собиқ Президенти Роза Отунбоева БМТ Бош котибининг махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда кеча, 2 сентябрь куни ташкилот матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилади.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бугун қирғизистонлик Роза Отунбоеванинг Афғонистон бўйича янги махсус вакили ва БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари этиб тайинланганини эълон қилди”, дейилади ҳужжатда.
Бу лавозимда Отунбоева БМТ Бош котиби “хизматлари учун миннатдорлик билдирган” Дебора Лайонснинг ўрнига келди.
БМТ матбуот хизмати Отунбоева “бошқарув, дипломатия, фуқаролик иштироки ва халқаро ҳамкорлик соҳасида 35 йиллик тажрибага эга” эканини таъкидлади. У 2010 йил 3 июлдан 2011 йил 1 декабргача Қирғизистон Президенти лавозимида ишлаган.
Маълумот учун, Муваққат ҳукуматга раҳбарлик қилган Роза Отунбоева 2010 йил июнь ойида содир бўлган Ўш ва Жалолобод воқеаларининг асосий айбдорларидан бири ҳисобланади.
Муваққат ҳукумат 2010 йил апрель воқеаларидан кейин тузилган. Унга 14 киши, жумладан, Роза Отунбоева (МҲ раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (МҲ раҳбари ўринбосари), Дамира Ниёзалиева (Соғлиқни сақлаш вазири) кирди. Эмилбек Каптагаев МҲ аппарати раҳбари эди.
2010 йилнинг июнь ойи Қирғизистоннинг жанубида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида этник можаро чиқди. Ушбу низо оқибатида 500 га яқин инсон ҳалок бўлди. Жароҳатланганлар сони мингдан, қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтганлар эса юз мингдан ошди. Бундан ташқари 3,5 мингдан ортиқ кўчмас мулк вайрон қилинди. Шундан атига 275 таси давлатга тегишли, қолган катта қисми эса маҳаллий аҳолининг бошпанаси эди. Ушбу статистика воқеанинг кўламидан далолат: ёнган уйлар, қонга беланган қўллар, яқинларидан айрилган инсонлар.
Июнь воқеалари бўйича жиноий тергов 2021 йил апрель ойида қайта тикланган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг “Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат мансабдор шахсларига нисбатан 2010 йилнинг май-июнь ойларида республика жанубида фожиали оқибатларга олиб келган сабаблардан бири – Қодиржон Ботировнинг мамлакатдан тўсиқларсиз ноқонуний чиқиб кетишига кўмаклашганлик факти бўйича иш қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь