Роттердамдаги отишмада уч киши ҳалок бўлди. Гумонланувчи – талаба
Олам
−
29 Сентябрь 2023
3445Нидерландиянинг Роттердам шаҳрида қуролли шахс отишма уюштириб, уч кишини ўлдирди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Полициянинг маълумот беришича, 39 ёшли аёл ва 42 ёшли эркак университет ўқитувчиси отишма пайтида вафот этган. Эътиборлиси, уларнинг жасадлари турли жойдан топилган. Ўлдирилган аёлнинг 14 ёшли қизи оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
“Ҳужум қилган шахс аввал хонадонда, сўнгра яқин атрофдаги “Эразмус” тиббиёт марказида ўт очган. У хонадонда икки кишини яралаган, сўнгра уйни ёқиб юборган”, дея хабар беради маҳаллий нашрлар.
Шундан сўнг, эркак тиббий муассасага бориб, у ерда отишмани давом эттирган.
Полициянинг маълум қилишича, “Эразмус” тиббиёт университети талабаси бўлган 32 ёшли эркак иккала ҳодисани содир этишда гумонланиб, ҳибсга олинган. Роттердам прокурори Хьюго Хилленаар жиноят сабаблари ҳозирча номаълумлигини айтган. Бироқ гумонланувчи ҳуқуқ-тартибот органларига таниш бўлиб, 2021 йилда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани учун жиноий жавобгарликка тортилган ва судланган.
Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам ҳужумларда фақат бир жиноятчи иштирок этган, деб ҳисобламоқда.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси