Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси Афғонистон билан чегарадаги вазиятга шай турибди

Олам 10700
image_2021-07-06_22-28-18
-

Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси Афғонистон билан чегарадаги вазият туфайли мамлакатга ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган барча ускуналар билан таъминланган. Бу ҳақда бугун, 6 июль куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Андрей Руденко журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.

“Биласизки, бизнинг Тожикистонда 201-Россия ҳарбий базамиз мавжуд ва у мамлакатга ёрдам бериш учун зарур бўлган барча техникалар билан таъминланган”, дейди Руденко.

Унинг таъкидлашича, Россия томони Тожикистон билан ҳарбий алоқаларни давом эттириш билан биргаликда, чегарадаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. “Агар қўшимча ҳаракатлар талаб этилса, улар амалга оширилади”, дея таъкидлади Россия ТИВ раҳбари ўринбосари.

“Барчаси Афғонистон шимолидаги вазиятнинг қандай ривожланишига боғлиқ бўлади”, дейди у.

Кеча, 5 июль куни Халқаро аксилтеррор ассоциацияси президенти Иосиф Линдер Афғонистон билан боғлиқ ҳозирги вазият танг аҳволда ва беқарор эканини айтиб, воқеалар ривожи кейинги геосиёсий жараёнларга боғлиқ ҳолда ҳам секинлашиши, ҳам янада авж олиб кетиши мумкинлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Кремлда Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг ёмонлашуви муносабати билан Россия контингентини киритиш масаласи муҳокама қилинмаганлиги айтилди. Шу билан бирга, Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Москва вазиятни кузатаётганини қайд этди.

Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қўшинларининг 90 фоизини, аллақачон, Афғонистондан олиб чиқиб кетди. Бундан ташқари, Италия ва Германия ҳам ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетган. Хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши “Толибон” ҳаракатига устунлик бермоқда ва улар бирин-кетин мамлакат туманларини эгаллаб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, республиканинг 50-70 фоизи толиблар қўлида.

Бу эса ўз навбатида Афғонистон ҳукумати қўшинларига қийинчилик туғдирмоқда. Улар толибларга қарши жангда вақти-вақти билан чекинишга ва ҳатто, қўшни Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳудудларига қочиб ўтишга ҳам мажбур бўлмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 360
Рейтинг: 3
t
×