Россиянинг пулларидан Украинани тиклашда фойдаланилиши мумкин
Олам
−
04 Февраль 2023
10119Франция Россия Федерациясининг музлатилган активларидан Украинага реконструкция қилишда ёрдам бериш учун фойдаланиш имкониятини ўрганмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Анн-Клэр Лежандр “RTVI” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда Европа Иттифоқида Россиянинг катта миқдорда музлатилган активлари мавжуд. Айни пайтда бу активлардан Украинани тиклашда фойдаланиш имконияти ўрганиляпти. Бу масала халқаро ҳуқуқ, Европа ҳуқуқи ва Франция қонунчилигига мувофиқ ўрганилади.
“Бир неча мамлакатларда бу музлатилган активлардан Украинани тиклаш учун қандай фойдаланиш мумкинлигини аниқлаш мақсадида тадқиқот олиб борилмоқда. Бугун биз бу масала бўйича қарор қабул қила олмаймиз, лекин нима бўлишидан қатъий назар, жавобгарлик, халқаро ҳамжамият томонидан қораланган ва қоралашнинг аниқ сигналларига қарамай, уруш иқтисодиётини қўллаб-қувватлашни танлаган ва буни давом эттирадиганлар зиммасига тушади”, деди Лежендр.
Еврокомиссия маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи давлатлари Россия Федерацияси Марказий банкининг 300 миллиард евролик активларини ва россиялик тадбиркорларнинг 20 миллиард еврогача бўлган активларини музлатиб қўйган. Бироқ Европа оммавий ахборот воситаларида Еврокомиссия музлатилган 300 миллиард евролик Россия активларининг 200 миллиарди қаерда жойлашгани тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслиги ҳақида хабар тарқалган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси