Россиянинг Полтавага зарбаси оқибатида 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди

Олам

image

Бугун, 3 сентябрь куни Россиянинг Полтавага ракета ҳужуми оқибатида Украина расмийларига кўра, 50 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 219 киши жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси ва Полтава вилояти ҳарбий маъмурияти маълум қилди.

Украина Президенти Владимир Зеленский, дастлабки маълумотларга кўра, иккита баллистик ракета билан берилган зарба таълим муассасаси ва қўшни шифохона ҳудудига тушганини таъкидлади.

“Алоқа институти биноларидан бири қисман вайрон бўлди, кўпчилик вайроналар остида қолиб кетди. Мен воқеанинг барча ҳолатларини тўлиқ ва тезкор тергов қилишни буюрдим. Зарбага учраганидан кейин биринчи дақиқалардан бошлаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берган ҳар бир кишидан миннатдорман”, деб ёзган Зеленский.

Воқеа жойидан олинган кадрларга кўра, Зеленский ёзган ўқув муассасаси Телекоммуникация ва ахборотлаштириш ҳарбий институти (собиқ Полтава олий ҳарбий қўмондонлик алоқа мактаби).

Украина Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, сигнализация ва ракеталар етиб бориши орасидаги вақт шунчалик қисқа бўлганки, одамлар бомба бошпанасига етиб улгурмаган.

Ички ишлар вазири Игорь Клименконинг сўзларига кўра, қутқарувчилар портлашдан кейин содир бўлган ёнғинни локализация қилишган, улар 25 кишини, улардан 11 нафарини вайроналар остидан сақлаб қолишга муваффақ бўлишган.

“Фожиа қурбонлари хотирасига шаҳар ҳокимияти 4 сентябрдан бошлаб уч кунлик мотам эълон қилди”, дейди Полтава вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Филипп Пронин.

Германия ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлари Анналена Бербок ва Дэвид Лэмми Россиянинг Полтавага ҳужумини кескин қоралади.

“Путин Улан-Баторда бўлганида, Полтавага иккита ракета тушди – бу пайтда қутқарувчилар аллақачон ярадорларга ёрдам кўрсатаётган эди. Путиннинг шафқатсизлиги чегара билмайди. У жавобгарликка тортилиши керак”, деб ёзди Бербок Х ижтимоий тармоғида.

Мухолифатдаги Христиан Демократик Иттифоқи раҳбари Фридрих Мерз Россияни ҳарбий жиноятларда айблади.

“Бу оддий ҳарбий ҳаракат эмас. Бу яна бир бор Украинанинг тинч аҳолисига қарши содир этилган энг оғир уруш жиноятларидир”, дейди у.

Сиёсатчининг сўзларига кўра, “бу Украина ва Россия ўртасидаги уруш эмас, балки Россиянинг ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган халққа қарши халқаро ҳуқуққа зид бўлган тажовузкор урушидир”.

“Путин кейинги ҳарбий ҳаракатлар умидсизлигини тан олгандагина муаммо ҳал бўлади”, деди немис мухолифати раҳбари.

Оқ уйнинг таъкидлашича, Россиянинг Полтавага ракета ҳужуми Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини зудлик билан кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби буни “Путиннинг Украина халқига нисбатан шафқатсизлигининг навбатдаги даҳшатли эслатмаси” деб атади. Унинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар яқин ҳафталарда Киевга қўшимча ҳарбий ёрдам жўнатади.

Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украина шаҳрига ҳужумни “даҳшатли тажовуз” деб атади.

“Россиянинг Полтавага берган зарбалари Путиннинг Украинадаги даҳшатли ва ноқонуний урушидаги сўнгги даҳшатли тажовуздир. Менинг ўй-хаёлларим барча қурбонлар ва уларнинг яқинлари билан. Биз Украина биланмиз”, деб ёзган у Х'даги саҳифасида.

Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, дастлабки маълумотларга кўра, Полтавага зарба “Искандар-М” ракеталари билан берилган. Кечқурун шаҳарда 51 киши ҳалок бўлгани, 220 га яқин киши яралангани маълум бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Полтава

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг