Россиянинг ноқонуний мигрантларга берган муҳлати тугамоқда. Муҳожирларга яна имкон бериладими?

Жамият

image

Россиядаги ноқонуний мигрантлар ҳужжатларини тартибга келтиришлари учун берилган муҳлат эртага,15 июнь куни ниҳоясига етади. Кимда-ким Россияда бўлиш учун ҳужжатларни расмийлаштирмаса, мамлакатдан чиқариб юборилади. Бу ҳақда ТAСС хабар берди.

Маълум қилинишича, Москва шаҳридаги Ягона миграция марказининг маълумотнома хизматида, муҳожирларнинг Россияда бўлишлари учун имтиёзли муддат узайтирилгани тўғрисида маълумот йўқ. 

“15 июндан кейин нима бўлиши ҳали ҳам аниқ эмас. Бизнинг билишимизча, шу вақтгача муддат узайтирилмаган. Aгар шундай бўлса, унда хужжатларини қонунийлаштиришга улгурмаган кўп сонли чет эл фуқаролари мамлакатдан чиқиб кетишлари керак бўлади”, дея таъкидлаган миграция маркази. 

Шунингдек, агар мигрант бутун пандемия давомида Россияда бўлган бўлса, у мамлакатни уч ой - 90 кунга тарк этиши керак.

Маълумот ўрнида, 2020 йил апрель ойида Россия Президенти Владимир Путиннинг фармони кучга кирган эди. Унга кўра, барча чет эл фуқароларига мамлакатда бўлиш муддати тугаганига қарамай, қонуний равишда вақтинча қолиш ва ишлашга имкон берилди. Бундан ташқари, қонунни бузган чет элликларга ҳуқуқий мақомларини ҳеч қандай санкцияларсиз ҳал қилиш имконияти ҳам берилди. 

Хабарга кўра, Президент фармонига кўра коронавирус туфайли депортация қилиш тақиқланади. Бироқ, 15 июнь куни ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугайди ва Федерал миграция хизмати мамлакатга ноқонуний кирганларни уйига қайтариб юбориш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, ўтган йилнинг март ойида коронавирус пандемияси бошланганидан бери Россияда 1,6 миллионга яқин мухожирга мамлакатда қолишларига рухсат берилган. Aмалга оширилган чора-тадбирлар эса, 400 мингга яқин одамнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солишга имкон берган.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Россияда Ўзбекистондан 332 мингдан зиёд, Тожикистондан 247 минг, Украинадан 152 минг, Озарбайжондан 120 минг, Қирғизистондан 115 минг, Арманистондан 61 минг, Молдовадан 56 минг, Қозоғистондан 49 минг ноқонуний муҳожир бор.

Сардор Тўланбоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

152

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг