Россиянинг маҳбусларни алмашиш таклифига берган жавоби бемаънилик – Оқ уй

Олам 11338
image

АҚШ маъмурияти Россия ҳукуматининг ҳибсдаги  фуқароларни ўзаро алмашиш бўйича таклифларга жавобини бемаънилик деб ҳисоблайди. Бу ҳақда журналистлар учун навбатдаги брифингда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.

“Жавоб таклифи киритилди. Биз буни жиддий жавоб таклифи деб ҳисобламаймиз”, дейди АҚШ Президентининг расмий вакили Москва ва Вашингтон ўртасида тилга олинган фуқаролар алмашинуви бўйича музокараларни шарҳлар экан.

Пьернинг сўзларига кўра, АҚШ фуқароларини ўзаро алмашиш бўйича музокаралар ўтказишга имкон қадар тезроқ эришмоқчи. 

“Биз (АҚШ) [Россияга] мазмунли таклифни илгари сурдик. Ва бу борада яхши ният билан имкон қадар тезроқ музокаралар олиб боришни истаймиз. Америка расмийлари [Москвадан], менинг ҳамкасбларим айтганидек, адолатсиз жавоб олди”, дейди Жан-Пьер.

Матбуот котибининг таъкидлашича, АҚШ томони фуқароларини ўзаро алмашишга жуда жиддий қарайди. Бу мамлакат Президенти учун устувор вазифа.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Москвага Америкада судланган қурол сотувчиси Виктор Бутни Россияда жосусликда айбланган америкалик Пол Уилан ва Химкида гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган баскетболчи Бриттни Грайнер билан алмашишни таклиф қилганди.

Кейинчалик Россия ҳукумати АҚШга Чеченистоннинг собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини ўлдирганликда айбланиб Германияда судланган Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходими Вадим Красиковни маҳкумлар алмашинувига қўшишни таклиф қилди.

2012 йилда АҚШ суди Виктор Бутни АҚШ манфаатларига таҳдид солиши мумкин бўлган колумбиялик жангариларга қурол сотишга уринганликда айблаб, 25 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Бут барча айбловларни рад этган ва халқаро ҳаво ташиш соҳасида мутлақо қонуний бизнес билан шуғулланганини даъво қилган.

Екатеринбургнинг УГМК клубида ўйнаётган Грейнер иши ҳозир Химки суди томонидан кўриб чиқилмоқда. У Россияга етиб келганида юкидан “гашиш” ёғи топилгани учун қўлга олинган. Судда у АҚШда таътилда бўлганида шифокорнинг рецепти бўйича тиббий марихуана олганини ва шошиб йиғаётганда уни тасодифан багажига солиб қўйганини айтган.

Собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан 2020 йил июнь ойида Москва шаҳар суди томонидан жосусликда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У ўз айбига иқрор бўлмаган ва қўлга олинган флеш-дискда унинг Россия бўйлаб аввалги саёҳатлари тасвирлари бўлиши кераклигини айтган. Ҳозир у қамоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 270
Рейтинг: 3
t
×