Россиянинг халқаро захиралари 1 ҳафтада 2,1 миллиард долларга ўсди

Олам 10379
image
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Россия Федерациясининг халқаро захиралари 25 мартга нисбатан 2,1 миллиард долларга кўпайиб, 606,5 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Россия Банкининг расмий саҳифасида келтирилган.
 
“Халқаро захиралар 1 апрель ҳолатига кўра 606,5 миллиард долларни ташкил этди ва бир ҳафта ичида 2,1 миллиард долларга ёки 0,3 фоизга ошди”, дейилади регулятор баёнотида.
 
Маълумот учун, жорий йилнинг март ойи бошида Россия банки Россия Федерациясининг халқаро захиралари ҳажми тўғрисидаги долзарб маълумотларни ошкор қилишни тўхтатди. Барча нашрлар 18 февраль ҳолатига кўра, маълумотлардан фойдаланган, ўшанда захиралар 643,2 миллиард долларга, яъни тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етган.
 
31 март куни эълон қилинган маълумотларга кўра, халқаро захиралар 25 февралда 629,4 миллиард доллар, 4 мартда 608,9 миллиард, 11 мартда 611,8 миллиард ва 18 мартда 606,2 миллиард долларни ташкил қилган.
 
Россия Банки ва Россия Федерацияси ҳукумати томонидан сақланадиган юқори ликвидли хорижий активлар бўлган халқаро захиралар хорижий валюта маблағлари, махсус қарз олиш ҳуқуқи, Халқаро валюта жамғармасидаги захира позицияси ва монетар олтиндан иборат.
 
Маълумот учун, Россия захираларининг Ғарб давлатларида жойлаштирилган 300 млрд доллардан ортиқ валюта қисми музлатилган.
Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 407
Рейтинг: 3
t
×