Россияни тарк этган “Disney” энди Россиядаги ҳамкорларидан воз кечмоқда

Маданият-санъат 4864
image

Жорий йилнинг февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, март ойида Россиядаги фаолиятини тўхтатган “Disney” компанияси энди Россиядаги ҳамкорларидан ҳам воз кечмоқда. Бу ҳақда кеча, 2 ноябрь куни РИА Новости нашри хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, “Walt Disney Pictures” кино студияси Россиядаги кастинг агентларидан ҳамкорлик ҳақидаги барча эслатмаларни олиб ташлашни талаб қилмоқда. Жумладан Россиядаги “YouHollywood” кино агентлиги “Walt Disney Pictures” кино студиясига мамлакатда кастинглар ўтказишга кўмаклашиб келган. Аммо, кино студия томонидан йўлланган хатда ҳамкорлик ҳақидаги барча эслатма ва маълумотлар нафақат агентлик расмий сайтидан, балки халқаро платформалардан ҳам ўчириб ташланиши талаб қилинган. Америка компанияси бунга сабаб сифатида, Россиядаги кино агентликлари билан ҳамкорлик қилишни истамаслигини кўрсатган. Шунга қарамай, Россиядаги агентлик бунга шошилмаябди, улар аввало масалани ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб кўрмоқчи.

Шунингдек Америка компанияси жорий йилнинг октябрь ойида ижтимоий тармоқлардаги рус тилида фаолият юритувчи аккаунтларини ўчириб ташлаган.

Маълумот ўрнида, “The Walt Disney Company” мульти-медиа империясига 1923 йилнинг 16 октябрь куни ака-ука Уолт ва Рой  Диснейлар томонидан асос солинган.

Бугунги кунда, “Walt Disney Pictures” киностудияси, “Pixar”, “Marvel” ва “20th Century Studios” каби брендлар “The Walt Disney Company”га қарашли.

 

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 86
Рейтинг: 3.1
t
×