Россияни куч билан тийиб туришга уринишяпти – Путин Олаф Шолцга ҳасрат қилди

Олам

image

Хабар бериб бораётганимиздек, бугун, 15 февраль куни Германия канцлери Олаф Шольц Европа минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва Россия-Украина ўртасида юзага келган зиддиятли вазият бўйича музокаралар олиб бориш учун Москвага келди.  

Россия ОАВнинг хабар беришича, Владимир Путин ва Германия канцлери ўртасида илк маротаба ўтказилган расмий учрашув 3 соатдан ошиқроқ давом этган. 

Музокаралардан кейин бошланган матбуот анжуманида Путиннинг билдиришича, “халқаро даражадаги ташриф мобайнида томонлар энг долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратган”. 

“Биз доимо давлатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилиб келганмиз. Федерал канцлер ҳам келажакда фойдали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилаётгани бизда катта таассурот уйғотди”, дея қўшимча қилган Россия раҳбари.

Томонлар бугунги кунда жиддийлашиб бораётган Россия-Украина ўртасидаги зиддиятли вазият ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. 

“Европа ва бутун дунёда хавфсизлик масаласи жиддий сўроқ остида қолаётган бир пайтда, биз минтақада хавфсизлкни таъминлаш борасида музокараларни давом эттиришимиз ўта муҳим”, дея таъкидлаган Олаф Шольц. 

Путинга кўра, учрашув мобайнида икки томонлама алоқалар ва халқаро майдондаги вазият ҳам муҳокама қилинган. Унинг қўшимча қилишича, Россия хавфсизлик масалаларида Ғарб билан музокараларни давом эттиради.

Путиннинг таъкидлашича, Россия АҚШ ва НАТОнинг Европадаги хавфсизлик масалаларини бундай эркин талқин қилишига кўз юма олмайди, уларнинг хатти-ҳаракати Россия хавфсизлигига зарар келтирмоқда. 

"Россияни куч билан тийиб туришга уринишни биз Россия хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдид сифатида қабул қиламиз", дея қўшимча қилган Россия Президенти.

Владимир Путин Украинадаги вазиятни тартибга солиш бўйича Минск келишуви ва келишувдаги барча бандларни амалда қўллашда прогресс йўқлигини маълум қилган. 

Германия канцлери Россиянинг Украина билан чегара яқинидаги қўшинларини ортга қайтараётганини олқишлаган.

“Чегара бўйлаб жойлаштирилган алоҳида ҳарбий бўлинмаларнинг ортга қайтарилаётганини эшитдик ва бу яхши қадам”, деган ГФР раҳбари.

Шольцнинг билдиришича, музокаралар давомида Минск формати доирасида Донбасснинг алоҳида давлат сифатидаги мақоми ҳақидаги қонун муҳокама қилинишига келишилган.

Кремль музокараларнинг тўлиқ мазмуни акс эттирилган расмий баёнотни ҳали эълон қилганича йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ГФР раҳбари кеча, 14 февраль куни расмий ташриф билан Киевда бўлган. Украина Президенти Владимир Зеленский ва Германия канцлери Олаф Шольц Украина-Россия ўртасидаги зиддиятли вазият борасида музокаралар ўтказган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

552

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг