Россиялик журналист Косовода жосус сифатида қўлга олинди
Олам
−
07 Август 2022
11805Кеча, 6 августдан бугун, 7 августга ўтар кечаси Косово полицияси россиялик журналист Дарья Асламовани жосусликда гумон қилиб, ҳибсга олди. Бу ҳақда Косово Ички ишлар вазири Жалол Свечлия маълум қилган.
Қайд этилишича, журналист “Комсомолская правда” газетаси мухбири сифатида Косовога кирмоқчи бўлганида, Сербия билан чегарада қўлга олинган.
Бугун, 7 август куни эрталаб Асламова таҳририят билан боғланиб, сўроқдан кейин қўйиб юборилганини, аммо Косово ҳудудини тарк этиб, Сербияга қайтишга мажбур қилишганини айтган. Шундан сўнг, журналист чегарага автобусда ўзи борган. Сербия чегарачилари ҳам уни сўроқ қилишган.
Косово Ички ишлар вазирлиги раҳбари ўзининг Facebook'даги саҳифасида шундай пост қолдирган:
“Кўплаб давлатлар Асламованинг Россия ҳарбий разведкаси учун жосуслик билан шуғулланганини ва у ўзини журналист сифатида кўрсатганини исботлади... Унинг Косовога киришга уриниши Россиянинг мамлакатимизни беқарорлаштириш мақсадида серб пропагандасига қўшилганини яққол исботлайди”.
Кейинчалик эса Ички ишлар вазири шундай деб ёзган:
“Менинг қонуний ваколатларим доирасида, чет элликлар тўғрисидаги қонунга асосланиб, Дарья Асмаловани Косово Республикасида исталмайдиган шахс деб эълон қилдим. Ушбу шахснинг Косово Республикаси ҳудудига кириши беш йил давомида тақиқланган. Муайян мақсадлар ёки кўрсатмалар билан мамлакатимизни бузган ёки беқарорлаштиришга интилаётган ҳар қандай киши, шубҳасиз, Косово Республикаси қонунларининг кучига дуч келади”.
Жалол Свечлия, шунингдек Асламованинг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ироқнинг собиқ диктатори Саддам Ҳусайн ва Сурия президенти Башар ал-Ассад билан бирга тушган суратларини ҳам тармоққа жойлаштирган.
Асламова – россиялик журналист, ёзувчи, радио бошловчиси, “Комсомолская правда” газетасининг махсус мухбири. У “Аҳмоқ қизнинг саргузаштлари” китобининг муаллифи сифатида ҳам танилган.
LiveБарчаси