Россиялик овчига “Қизил китоб”га киритилган иккинчи айиқни овлашга рухсат берилмайди
Жамият
−
17 Май 2021
5072Аввалроқ Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг рухсати билан Россия фуқароси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида камёб қўнғир айиқ ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди. Россиялик овчига “Қизил китоб”га киритилган 2 дона айиқни овлашга рухсат берилгани қайд этилганди.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили жамоатчилик эътирози инобатга олиниб, овчига иккинчи айиқни отишга рухсат берилмаслигини маълум қилди.
“Квотадаги иккинчи айиқ ўрнатилган тартибда, яъни қонун устуворлигидан келиб чиққан ҳолда кўрилиб, бўлиб ўтган жамоатчилик эътирози инобатга олиниб, иккинчи айиқни отишга рухсат берилмайди”, дейди Қўмитанинг Биохилмахиллик ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар масалалари бўйича бош бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов.
Унинг айтишича, россиялик овчи Е.П. Широковга Қўмита томонидан ов қилиш учун рухсатнома жорий йилнинг 3 мартидан 31 декабрь кунигача берилган. Жорий йил “Қизил китоб”га киритилган қўнғир айиқни овлаш учун ажратилган квотадаги 2 та айиққа ариза Россия фуқароси Е.П.Широковдан келиб тушгани учун ҳам рухсатнома унга берилган.
Эслатиб ўтамиз, Экология қўмитаси россиялик овчи иккала айиқ учун ҳам қонунчиликка кўра тегишли маблағ тўланганини таъкидлаб, бу ҳолатнинг мутлақо қонуний эканини маълум қилганди.
LiveБарчаси