Россиялик “каттакон”нинг ўғли АҚШ талаби билан қўлга олинди
Олам
−
20 Октябрь 2022
12544Италияда АҚШ талабига биноан Россиянинг Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усснинг ўғли Артем Усс қўлга олинди. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги хабар берди.
Германияда Усс иши бўйича яна бир айбланувчи Юрий Орехов ҳибсга олинди. АҚШ расмийлари иккала маҳбусни ҳам Америкага экстрадиция қилишни талаб қиляпти.
Артем Усс, Юрий Орехов ва яна уч нафар Россия фуқароси – Светлана Кузургашева, Тимофей Телегин ва Сергей Туляковга нисбатан 12 та модда, жумладан, санкцияларни бузиш ва пул ювиш айбловлари билан иш очилган. Бу ишда Венесуэла фуқаролари Хуан Фернандо Серрано Понсе ва Хуан Карлос Сото ҳам айбланмоқда. Барча айбланувчилар 30 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Айбловга кўра, Усс ва Орехов мудофаа соҳасида қўлланиладиган Америка технологияларини Германиянинг Nord-Deutsche Industrieanlagenbau GmbH (NDI GmbH) ширкати орқали сотиб олган. Усс ва Орехов унинг эгалари бўлган, Кузургашева ҳам шу корхонада ишлаган.
Кейинчалик бу технологиялар Россияга, жумладан Телегин ва Туляков томонидан назорат қилинадиган санкцияланган компанияларга сотилган. Ушбу схема бўйича олинган баъзи компонентлар Украинадаги жанг майдонида қўлга олинган рус қуролларида топилган.
Бундан ташқари, Орехов ва Усс Венесуела фуқаролари ёрдамида NDI GmbH компаниясидан фойдаланиб, Венесуэла нефтини Хитой ва Россияга контрабанда қилишган. АҚШ Адлия вазирлигига кўра, уларнинг харидорлари орасида “санкцияланган олигарх томонидан бошқариладиган Россия алюминий компанияси” ҳам бор. Бу одамнинг исми номаълум, гап Олег Дерипаска ҳақида кетаётган бўлиши ҳам мумкин.
Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усс ўғлининг ҳибсга олинишини изоҳлар экан, “бу айбловларнинг сиёсий бўёқлари яққол кўриниб турибди”, деди.
Юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига кўра, Артем Усс ўтган йили даромади 3,8 миллиард рублни ташкил этган “Сибугол” компаниясининг ҳамтаъсисчисидир. 2021 йил октябрь ойида Красноярскдаги “Проспект Мира” нашри уни Красноярскнинг 100 нафар энг бой фуқаролари рейтингида 69-ўринга қўйган. Бундан ташқари, 2019 йилда Алексей Навальнийнинг ҳамкорлари у Италияда унга тегишли иккита меҳмонхона топган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь