Россиялик генерал Путиндан истеъфога чиқишини талаб қилди
Олам
−
07 Февраль 2022
47330Бутунроссия офицерлар ассамблеяси мамлакат фуқаролари ва Россия ҳукуматига очиқ мурожаат эълон қилди. Унда ҳокимиятни сақлаб қолиш учун уруш қўзғатишга йўл қўймасликка чақирилган. Мурожаатни ташкилот раиси, генерал-полковник Леонид Ивашов, шунингдек, тарихчи, Москва давлат халқаро муносабатлар институти ва Москва давлат лингвистик университети ўқитувчиси, Геосиёсий муаммолар академияси бошлиғи, Мудофаа вазирлигининг халқаро ҳарбий ҳамкорлик бўйича бош бошқармаси собиқ бошлиғи имзолаган.
“Биз, Россия офицерлари, Россия Федерацияси Президентидан урушни қўзғатувчи жиноий сиёсатдан воз кечишни талаб қиламиз”, дейилади мурожаатда ва бундай сиёсат натижасида мамлакат “Ғарбнинг бирлашган кучларига қарши ёлғиз қолиши таъкидланган.
Шунингдек, Путиндан “Конституциянинг 3-моддаси амалда татбиқ этилиши учун шарт-шароит яратиши” талаб қилинган.
“Ва истеъфога чиқинг”, дейилади учинчи талабда.
Бундан ташқари, офицерлар истеъфодаги ва захирадаги ҳарбий хизматчиларга, шунингдек, Россия Федерациясининг барча фуқароларига “ҳушёр бўлишни ... ташвиқот ва урушни бошлашга фаол қаршилик кўрсатишни тавсия қилган”. Шунингдек, “ички фуқаролик низосининг олдини олиш” зарурлиги ҳақида сўз боради.
Мурожаатда муаллифлар нима учун Россия, ўз таъбири билан айтганда, “хавфли фалокат марказида” қолганини мулоҳаза қилишга уринган. Илгари мамлакат урушларни фақат мажбуран олиб борган бўлса, эндиликда унга ташқаридан ҳеч нарса таҳдид солмаяптику, дея таъкидлайди муаллифлар.
Шунингдек, улар “ультиматум ва таҳдидлар орқали Россия Федерацияси ва унинг раҳбариятини яхши кўриб қолишга уринишлар маъносиз” деган фикрни билдиришмоқда.
Таъкидланишича, Бутунроссия офицерлар ассамблеяси қонуний рўйхатдан ўтмаган ташкилот бўлиб, аъзоларининг сони номаълум, унинг таркибига “заҳирадаги офицерлар” киради. Мурожаат остида, Ивашовнинг имзосидан ташқари, Бутунроссия офицерлар ассамблеяси Кенгаши раиси, полковник Петровнинг имзо бор.
“Московский Комсомолец” нашрининг ёзишича, Леонид Ивашов миллатчилик қарашлари билан машҳур.