Россиялик амалдор ўзбекистонлик фуқарога қўполлик қилгани учун жазоланди
Олам
−
16 Январь 2020
5204Санкт-Петербургда Ўзбекистон фуқароси бошқа миллатга мансублиги сабабли ўзига хизмат кўрсатишдан бош тортган давлат ва муниципал хизматлар кўрсатиш маркази ходимасининг нолойиқ хатти-ҳаракатларидан шикоят қилди. Бу ҳақда Abnews хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, воқеа Виборг туманида рўй берган. Ўзбекистон фуқароси ҳолат юзасидан Санкт-Петербургдаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Александр Шишловга шикоят билан мурожаат қилган.
Мурожаатда келтирилишича, давлат ва муниципал хизматлар кўрсатиш маркази инспектори С. бепарволик қилиб, аризани ўйлаб топилган сабабга кўра рўйхатдан ўтказишдан бош тортган. Мурожаатчига қўполлик қилиб, унинг паспорти ҳамда ҳужжатларини отиб юборган.
Ўзбекистон фуқаросининг қўшимча қилишича, у бошқа инпекторни кутишга мажбур бўлган. Шундан сўнг, у қоғозлар тўғри тўлдирилганини текширгач, ўз ишини бажарган.
Омбудсман Александр Шишлов мурожаатда кўрсатилган маълумотларни текшириш ташаббуси билан чиққан. Кейинроқ унинг сайтида давлат ва муниципал хизматлар кўрсатиш маркази ходимасининг номақбул хатти-ҳаракати тасдиқланган, у интизомий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар эълон қилинган.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси